Нидерландия компанияси Сурхондарё вилоятида инвестиция лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда

26.07.2020 10:08

БРЮССЕЛЬ, 26 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси Нидерландиянинг «VegHands» компанияси менежери Кристианом Оостерлаан билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири.

«VegHands» компанияси қишлоқ хўжалиги учун инновацион ва иқтисодий жиҳатдан самарали ечимларни тақдим этишга ихтисослашган. У тортиш, саралаш, қадоқлаш, вакумли совитиш учун замонавий ускуналар ишлаб чиқаради. Бенилюкс давлатлари ва Осиёнинг экспортчилари учун турли қадоқлаш ускуналари, жумладан, мева ва сабзавотларни етказиб беради.

Кристиан Оостерлаан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, жумладан, иқтисодиётни либераллаштириш ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш борасидаги ўзгаришларни олқишлади.

— Бизнеснинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши муҳимдир, — деди «VegHands» менежери. — Ўзбекистонда сўнгги йилларда бу борада сезиларли ўзгаришлар амалга оширишди, ҳуқуқий база такомиллаштирилди. Натижада бугун Ўзбекистон мева-сабзавот каби маҳсулотлар экспорт салоҳиятини фаол равишда оширишда давом этмоқда. Бу каби интилишларнинг муваффақияти амалга оширилиши сифатли маҳсулот билан бирга, кўп жиҳатдан, уларни харидор талабига мос қадоқлаш билан боғлиқ.

Кристиан Оостерлаан, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига ва бошқа тан олинган тузилмаларга қўшилишдаги саъй-ҳаракатлари европалик ишбилармонларнинг Ўзбекистонда фаол иш юритиш истагини рағбатлантиришга ёрдам беришини таъкидлади.

«VegHands» компанияси вакили Сурхондарё вилоятида, шу жумладан Термиз эркин иқтисодий зонасида имтиёзлар тизими доирасида сабзавот ва меваларни вакумли қадоқлашни ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Хусусан, лойиҳа доирасида Нидерландия томони мева ва сабзавотларни қадоқлаш учун «VegPack FP-50» ускуналарини етказиб беришга тайёр. Ушбу техникадан фойдаланиш жуда осон ва ишни доимий ташкил қилишга ёрдам беради. Дастурий таъминот сизга керакли ўлчамни осон ва тез ўрнатиш имконини беради. Бундай ускуналар МДҲнинг қатор мамлакатларида муваффақиятли синовдан ўтган.

Учрашув якунида ушбу лойиҳани амалга ошириш шартларини муҳокама қилишни давом эттиришга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net