Наманган вилоятини иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди

01.07.2020 16:45

ТОШКЕНТ, 1 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Наманган вилоятида инвестиция фаолиятини янада яхшилаш бўйича комплекс ишлар амалга оширилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига асосланиб.

Амалга оширилган ишларни икки асосий йўналишга ажратиш мумкин. Яъни, ўзаро ҳамкорлик тамойиллари асосида тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш ҳамда минтақани комплекс ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳалардир.

Биринчи йўналишда умумий қиймати 2,2 триллион сўмга тенг бўлган, шу жумладан халқаро молия институтларининг 103 миллион доллар маблағларини жалб қилиш ҳисобига касаначилик йўналишида 157 та янги лойиҳа амалга оширилади ва шу орқали тўқув-трикотаж, ҳунармандчилик, иссиқхона хўжаликлари, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, боғдорчилик, заргарлик, ёғочсозлик каби йўналишларда 18,4 минг нафар аҳоли иш билан таъминланади.

Минтақани комплекс ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 8,3 триллион сўмлик 1 минг 651 та лойиҳа амалга оширилади ва улар ҳисобига 34,8 мингта иш ўрни яратилади. Дастур билан 369 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция ва 1,9 триллион сўм банк кредитлари жалб қилиш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоиз, мазкур лойиҳаларни ишлаб чиқишда иқтисодий ривожланишнинг ўсиш нуқталари – "драйверлар"ни аниқлаш йўли билан минтақа имкониятларидан имкон қадар тўлиқ фойдаланиш мақсадида вилоят туман ва шаҳарларининг кучли ва заиф томонлари ўрганилди.

Вилоятдаги ана шундай "драйвер"лардан бири тўқимачилик саноати бўлиб, унинг технологик ривожланиш даражаси ташқи бозорда харидоргир бўлган юқори сифатли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини бермоқда. Етакчи хорижий брендлар остида тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш учун хорижий брендлар билан алоқалар ўрнатиш орқали экспортга сотиладиган тўқимачилик маҳсулотларининг қўшимча қийматини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек,  вилоятда ип-калавани қайта ишлаш даражасини 95 фоизга ошириш режалаштирилган. Бу борада келгусида ички брендларни яратиш ва уларни ташқи бозорларга илгари суриш бўйича ҳам чора-тадбирлар мажмуаси амалга оширилади.

Шунингдек, яқин келажакда тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун биринчи босқичда Тўрақўрғон туманида ихтисослаштирилган тўқимачилик савдо-саноат зонасини ташкил этиш учун 100 гектар ер майдони ажратилади.

Бундан ташқари, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, терини қайта ишлаш ва тайёр пойабзал ҳамда чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босишга қаратилган, кластер шаклидаги корхоналар ташкил этишга йўналтирилган қатор инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Фойдали қазилмаларни чуқур қайта ишлаш бўйича инновацион технологияларни жорий этиш эвазига қурилиш материаллари, хусусан, керамик буюмларни тайёрлаш учун ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва улар таннархини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун тегишли ихтисослаштирилган илмий-техник марказлар фаолияти ихтисослаштирилган фондлар ва хорижий грантларни жалб этиш эвазига илмий ишланмаларни тизимли молиялаштириш орқали жонлантирилади.

Эчкичиликнинг Наманган вилояти Поп ва Чуст туманларида тарихан ривожланганини ҳисобга олган ҳолда, бу соҳа ҳам фаоллаштирилади – эчки жунини қайта ишлаш ва тайёр жун маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича саноат кластерларини ташкил этишга қаратилган қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилди.

81 миллион долларлик 128 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш анъанавий боғдорчиликдан интенсив боғдорчиликка ўтишга қаратилган бўлиб, бу ердан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлигини сезиларли даражада оширади ва вилоятда мевалар етиштириш харажатларини камайтиради. Шунингдек, тармоқда янги ёндашув қўлланилади – йирик экспорт қилувчи хўжаликлар, маҳсулотларни қайта ишлаш ва сақлаш учун ишлаб чиқариш объектлари, логистика марказларидан иборат экспорт кластерлари ташкил этилади. Кластерларда ва экспорт қилиниши режалаштирилган мамлакат мутахассисларни жалб қилиш ва стандартларини жорий этиш эвазига аниқ экспорт бозорларига қаратилган сифат назорати ва сертификатлаш лабораториялари ҳам ташкил этилади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган умумий ер майдони 4,5 минг гектарни ташкил этади, 9 мингга яқин иш ўрни яратилади.

Лойиҳаларни амалга ошириш вақти ва молиявий харажатларини сезиларли даражада камайтирадиган яна бир "драйвер" - тижорат банклари томонидан жорий этилган тадбиркорларни "пакетли" қўллаб-қувватлаш тизимидир. Ушбу ёндашув доирасида тадбиркорларга маблағ ажратишдан тортиб, муайян фаолият тури билан шуғулланиш сирларини ўргатиш ва ҳужжатларни тайёрлашгача ёрдам берилиб, комплекс хизматлар кўрсатилади. Умуман олганда, "Миллий банк" ва "Асака банк" акциядорлик жамиятлари ҳамда "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки имкониятлари билан умумий қиймати 2,4 триллион сўмлик 129 та лойиҳани амалга ошириш ва 7 минг 317 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Наманган вилоятида лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижда яшаётган, тадбиркорлик билан шуғулланаётган ватандошлар салоҳияти ва тажрибасидан фаол фойдаланилади – бу йўналишда 247 миллион долларлик 17 та лойиҳа амалга оширилади.

2020-2021 йилларда жами Наманган вилоятида барча инвестиция дастурларини амалга ошириш ва иқтисодий ривожланишнинг юқорида қайд этилган “драйверлари”ни ишга солиш орқали умумий қиймати 13,1 триллион сўмлик 2 минг 148 лойиҳа амалга оширилиб, 55 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net