«МАЗ» Ўзбекистон бозорига автобуслар етказиб бермоқчи

06.03.2020 11:50

ТОШКЕНТ, 6 март. /«Дунё» АА/. Беларусь Республикасининг «Минск автомобиль заводи» вакиллари Транспорт вазирлигида музокаралар олиб борди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига таяниб.

Транспорт вазири ўринбосари в.б. Даврон Деҳқонов «МАЗ» бош директори ўринбосари Сергей Шуляк билан учрашувда корхонанинг турли моделдаги автобусларини Ўзбекистон бозорига етказиб бериш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Сергей Шуляк Ўзбекистон билан йўловчи ташиш соҳасини ривожлантириш йўлида яқиндан ҳамкорлик қилиш истагида эканини билдирди.

Унинг қайд этишича, компания имтиёзли молиялаштир ва хизмат кўрсатишнинг тўлиқ цикли (молиялаштириш, маҳсулотларни етказиб бериш ва сервис хизматлари кўрсатиш) йўналишида ишлашга тайёр.

– Компания Ўзбекистон бозорига турли ҳажмдаги ва модификациядаги автобус, электробус ҳамда аэропортлар учун перон автобусларини етказиб бериш, бу борада ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришдан манфаатдор, – дея таъкидлаган Сергей Шуляк.

Даврон Деҳқонов автотранспортларда йўловчи ташиш соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш учун автобус паркини янгилаш муҳим эканини айтди.

Бугунги кунда автотранспорт хизматлари кўрсатишда хусусий сектор улуши 80 фоизни ташкил этади. Вилоятларда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатаётган корхоналарда эса ўрта сиғимли автобуслар харид қилиш бўйича талаб юқори.

Шу кабиларни инобатга олган ҳолда, томонлар йўловчи ташиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини «МАЗ» корхонаси маҳсулотлари билан яқиндан таништиришга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net