«Made in Uzbekistan» миллий маҳсулотларнинг виртуал тақдимоти бўлиб ўтди

19.12.2020 09:43

ТОШКЕНТ, 19 декабрь. /«Дунё» АА/. Жорий йил 17 декабрь куни видеоконференция шаклида «Made in Uzbekistan» миллий маҳсулотларнинг виртуал тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълум қилишича, тадбир Америка-Ўзбекистон савдо палатаси ҳамда Канаданинг Евросиё ва Россиядаги ишбилармонлик ассоциациясининг Миллий директорлар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди. Тақдимотда АҚШ ва Канаданинг 100 га яқин энг йирик компанияси вакиллари иштирок этди.

Тақдимотнинг очилиш маросимида Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси К. Лэмм, Канаданинг Евросиё ва Россиядаги ишбилармонлик ассоциациясининг Миллий директорлар кенгаши раиси Дж. Бретон ҳамда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л. Қудратов сўзга чиқди.

Америка ва Канада бозорларига ички экспортбоп маҳсулотлар ва ўзбек брендларини илгари суришга қаратилган тадбир давомида хорижий тадбиркорларга Ўзбекистоннинг экспорт ва инвестициявий салоҳияти намойиш этилди. Ўзбекистон тармоқ вазирлик ва идоралари раҳбарлари ва экспертлари Америка ва Канада иштирокчиларини тўқимачилик, чарм-пойабзал, вино ишлаб чиқариш саноати, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик соҳаларининг сифатли ва экспортбоп маҳсулотларининг кенгайтирилган ассортименти билан таништирди.

Тадбир иштирокчилари ўзаро манфаатли савдо битимларини тузишни назарда тутган ҳолда тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш имконига эга бўлди.

Маълумот учун: жорий йил январь-ноябрь ойларида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо айланмаси 259,3 миллион долларни, Канада билан эса – 141,1 миллион долларни ташкил этди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Америка капитали иштирокидаги 266та корхона ва Канада инвестициялари иштирокидаги 40та корхона фаолият кўрсатмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net