Кувайтга 450 минг долларлик тиббий ниқоблар мақсадли экспорт қилинди

10.06.2020 10:24

АЛ-КУВАЙТ, 10 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари – Кувайтга 450 миллион доллар миқдорида 2 миллион 200 минг тиббий ниқоб илк бор мақсадли экспорт қилинди. Экспорт мамлакатимизнинг Кувайтдаги элчихонаси ва «Ўзтекстильсаноат» уюшмаси ҳамкорлигида амалга оширилди. Тиббий воситалар «Навоий» эркин иқтисодий зонаси аэропортидан махсус юк самолётида етказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тиббий ниқобларнинг илк жўнатмасини етказиб бериш бўйича қиймати 10 миллион долларга тенг шартнома жорий йилнинг май ойи охирида «Ўзтекстильсаноат» уюшмаси билан Кувайтнинг "Fursan Al Khaleej" компанияси ўртасида имзоланган эди.

Тиббий ниқоблар Кувайт ?чки ишлар вазирлиги буюртмаси асосида етказилган бўлиб, тиббий воситаларнинг бир қисми мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилади.

– Маҳсулот импортини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилишдан олдин турли мамлакатлар, шу жумладан, Хитой маҳсулотларини диққат билан ўргандик, – деди "Fursan Al Khaleej" компанияси президенти Жоҳид ал-Атаиш. – Кузатишларимиз натижасида ўз сифати билан ажралиб турадиган Ўзбекистон тиббий воситаларини танладик. Шунингдек, биз «Ўзтекстильсаноат» уюшмаси ва “Енгилсаноатсавдо” масъулияти чекланган жамиятининг қисқа фурсатларда буюртмаларни тайёрлаш ва уларни етказиб бериш борасидаги ишларини юқори баҳолаймиз.

Компания президентининг қайд этишича, ҳозирги вақтда тиббий буюмлар учун навбатдаги буюртмани – ниқоблар, комбинезонлар, қўлқоплар ва бошқа ҳимоя воситаларини Ўзбекистонда шакллантириш ишлари бошлаб юборилган. Ўзбекистоннинг ушбу давлатдаги элчихонаси кўмагида ва ўзбекистонлик етказиб берувчилар билан самарали ҳамкорликда тўқимачилик маҳсулотларининг катта қисмини импорт қилиш режалаштирилган.

«Perfect Dental Care» президенти Ваил ал-Атаишнинг таъкидлашича, дунёда тиббий воситаларга талаб ортиб бораётган бир пайтда, Ўзбекистон раҳбарияти юқори сифатли экспортга йўналтирилган тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш бўйича қарори муҳимдир. Ўзбекистон ҳукумати халқаро бозорда юзага келган вазиятни ўз вақтида ва тўғри баҳолаб, экспорт қилувчи компанияларга ўз маҳсулотларини сотиши учун қулай шароит ва имтиёзларни яратиш чораларини кўрмоқда.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистондан тиббий ниқобларни Кувайтга экспорт қилиш ҳамкорликдаги биринчи тажрибадир. Бу келгусидаги савдо алоқалари учун ўзига хос замин ҳисобланади.

– Дипломатик ваколатхонамиз миллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларга экспортини кўпайтириш бўйича изчил иш олиб бормоқда, – дейди Ўзбекистоннинг Кувайтдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳромжон Аълоев. – Ҳозирги кунда Ўзбекистон тўқимачилик, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Кувайтга олиб киришни кенгайтириш, шунингдек, Қатар, Баҳрайн ва ?роқда мамлакатимиз экспорт маҳсулотларига бўлган талабни ўрганиш юзасидан фаол иш олиб бормоқдамиз.

Б.Аълоевнинг билдиришича, бугунги кунда элчихона кўмаги билан ушбу мамлакатлар компаниялар ва ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net