Корея консорциумининг инвестиция лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида тиббиёт кластери ташкил этилади

11.12.2020 12:13

ТОШКЕНТ, 11 декабрь. /«Дунё» АА/. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Корея консорциумининг инвестиция лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида тиббиёт кластерини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Тошкент шахар ҳокимлиги маълумотига таяниб.

Ҳужжатга мувофиқ, соғлиқни сақлаш тизимида юқори технологияларни қўллаш, тиббиёт соҳасида замонавий илмий ишланмалар ва илғор Жанубий Корея тажрибасини жорий қилиш, халқаро даражадаги талабларга жавоб берувчи юқори малакали мутахассисларнинг янги авлодини тайёрлаш учун зарур шароитларни яратиш ва Ўзбекистон Республикасида тиббий туризмни ривожлантиришга асосланган тиббий хизмат кўрсатишнинг сифатли тизимини такомиллаштириш кўзда тутилган.

Хусусан, Uclone&SNS Korea Inc, KIND бизнес гуруҳи, KDBank акциядорлик гуруҳи, Shinhan Bank, K-Exim Bank, Кореянинг Чунг-Анг университети таъсисчилигида Корея консорциумининг тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа асосида Тошкент шаҳрида 400 ўринли, кунига 3500 амбулатор ташрифга мўлжалланган Тиббиёт маркази, шунингдек, қуввати 2400 талаба (бакалавр, магистр)га таълим беришга мўлжалланган Корея тиббиёт университетининг филиалини ўз ичига олган умумий қиймати 135,2 млн АҚШ доллари бўлган тиббиёт кластери ташкил этилади.

Лойиҳада белгиланишича, тиббиёт кластерини қуриш ва фойдаланишга топшириш BLT (build-lease-transfer) “қурилиш – ижара – топшириш” платформаси асосида амалга оширилади ва 25 йилга мўлжалланади, шундан сўнг лойиҳа ўзбек тарафининг Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошқарувига ўтказилади.

Мазкур тиббиёт кластери қурилиши учун Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида 4,8 га бўлган ер участкаси ажратиш назарда тутилган.

Ҳужжаатда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида объектнинг қурилиши даврида:

инвестор ва унинг субпудрат ташкилотлари томонидан, шу жумладан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича “вақтинчалик олиб кириш” божхона режимида олиб кирилаётган ускуналар, хомашё ва материаллар, машина ва механизмлар, махсус транспорт воситалари, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи маҳсулотлар ва техник қурилмалар, буюмлар ва асбоб-ускуналар, дастурий таъминот, техник ва лойиҳа ҳужжатларини божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно);

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан бажарилган ишлар ҳажми (хизматлар) учун қўшилган қиймат солиғидан;

тақдим этилаётган хизматлар, олиб кирилётган товарлар, материаллар, ускуналар, машиналар ва механизмлар, бутловчи қисмлар ва техник қурилмалар, технологик жиҳозлар, буюмлар, транспорт воситалари, эҳтиёт қисмлар, асбоб-ускуналар, ёқилғи-мойлаш материаллари учун, улар Ўзбекистон Республикасининг ваколатли идораларида лицензияланганда ва сертификатланганда, йиғимлар, давлат божлари ва белгиланган тўловларлардан;

республикада тегишли аккредитациядан ўтган синов лабораториялари мавжуд бўлмаган тақдирда импорт қилинаётган материаллар, ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи маҳсулотлар ва техник қурилмалар, технологик жиҳозлар, эҳтиёт қисмлар, асбоблар мажбурий сертификатлашдан озод қилиниши белгиланган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net