KOICA билан ҳамкорликда «Ақлли сув» тизими жорий қилинмоқда

19.02.2020 15:07

ТОШКЕНТ, 19 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида “Ўзбекистон Республикаси Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг сув хўжалиги вазирлиги тизимида ижроси”га бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё»АА мухбири вазирлик манбасига таъниб.

Давлатимиз раҳбарининг парламентга  Мурожаатномасида сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёнларини, сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш тизимини халқаро тажрибани ўрганган ҳолда автоматлаштириш зарурлиги белгилаб берилдиган эди. Бу борада вазирлик тизимида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан имзоланган битимга мувофиқ, республикамизнинг асосий йиллик сув объектларига замонавий “Ақлли сув” тизими жорий қилинмоқда. Ўтган йили KOICAнинг грант маблағи эвазига молиялаштирилаётган лойиҳа доирасида 61 та сув хўжалиги объектига сув сарфини онлайн кузатиш имконини берувчи қурилмалар ўрнатилди.

Ушбу тизим 2020 йилда яна 90 та объектда жорий қилинади. “Ақлли сув” тизимини 2025 йилда 300 тага, 2030 йилга бориб эса 1 000 тага етказиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, сизот сувлари сатҳи ва минерализацияси тўғрисидаги маълумотларни онлайн узатиш, мониторинг юритиш ҳамда суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш тизимини яратиш мақсадида 2020 йилда 2 000 дона, 2025 йилда 6 000 дона ва 2030 йилгача 27 270 дона кузатув қудуқларида геоахборот тизимлари ўрнатилади.

Шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда 2020 йилда 10 та, 2020–2021 йилларда 20 та ва 2030 йилгача 100 та сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёнлари ва сувни назорат қилиш ишлари автоматлаштирилади.

Сув хўжалигидаги илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга оширишга жорий йилда ўтган йилга нисбатан 2,2 баравар кўп ёки 2 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилади. 2021–2022 йилларда ушбу рақамни 3,5 миллиард сўм ва 2030 йилгача 5 миллиард сўмгача етказиш режалаштирилган.

Президентимизнинг Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ҳозирда Сув хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу жараёнга Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг грант маблағлари ҳисобига халқаро экспертлар ҳамда сув хўжалиги соҳаси учун истиқболни белгиловчи ҳужжатларни ишлаб чиқишга ихтисослашган Австралиянинг “Aither” компанияси мутахассислари жалб этилган.

Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net