Ўзбекистон маҳсулотларини Саудия Арабистонига экспорт қилишнинг амалий жиҳатлари ўрганилди

09.06.2020 13:16

АР-Р?ЁД, 9 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг йирик экспортёр компанияларидан бири “BMB Trade Group” билан Саудия Арабистонининг “Aman Trade Group” вакиллари ўртасида видеомулоқот шаклида учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Саудия Арабистони Қироллигидаги элчихонамиз кўмагида ташкил этилган тадбирда миллий маҳсулотларимизни ҳамкор давлат бозорига олиб кириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида “BMB Trade Group” тижорат масалалари директори Мирзамурод Дадажонов компания фаолияти, ҳозирги кунга қадар амалга оширган лойиҳалар, жумладан, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида қурилаётган логистика маркази, хорижий ҳамкорлар ва экспорт маҳсулотлари турлари ҳақида тақдимот ўтказди.

Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти, маҳсулотлар сифати ва уларнинг халқаро бозорларда рақобатбардошлиги, мамлакатда экспортни қўллаб-қувватлашдаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Ўз навбатида, “Aman Trade Group” компанияси раҳбари Аман Туркистоний Ўзбекистондан озиқ-овқат ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Саудия Арабистонига импорт қилиш масаласини ўрганаётганини билдирди. Ўзбекистонга 2019 йилда қилган 2 бор сафари чоғида мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти билан танишгани ҳамда етакчи корхоналар билан музокаралар олиб борганини маълум қилди. Жумладан, “Crafers” компаниясининг раҳбарлари билан учрашув, улар билан 40 турдан ортиқ қандолат маҳсулотларини сотиб олиш бўйича жами қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг шартнома имзолаганини қайд этди.

Мулоқот чоғида “Aman Trade Group” компанияси фаолияти ҳақида ҳам тақдимот ўтказилди.

Таъкидланганидек, компания 25 йилдан буён озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келади. Подшоҳликнинг йирик шаҳарларида ўз омборхоналарига ва шу йўналишда фаолият юритувчи савдо корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларига эга.

Онлайн учрашувда хорижий ҳамкор келажакда Саудия Арабистонида Ўзбекистон савдо уйини очишга кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.

Суҳбат чоғида янги мева-сабзавот маҳсулотлари, хусусан, гилос, ўрик, узум, полиз ва дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва мевалар экспортини ташкил қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Ўзбекистон билан Саудия Арабистонини боғлайдиган транспорт йўлаги йўқлиги боис маҳсулотлар экспортини амалга оширишда ҳаво қатнови имкониятларидан фойдаланишнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиш зарурлиги қайд этилди.

А.Туркистонийнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотлар экологик тоза ва юқори сифатга эга экани билан рақобатбардош ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маҳаллий экспортёрларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш баробарида чет эллик сармоядорларнинг мамлакатга бўлган қизиқишини янада оширмоқда.

Музокаралар давомида томонлар ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Ўзбекистон вакиллари ҳамкорлар талабларига мос равишда тегишли тижорат таклифларини тайёрлаб, қисқа фурсатларда тақдим этишларини тасдиқлашди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net