Жиззахда “Volkswagen” автомобиллари ишлаб чиқарилади

04.03.2020 11:19

ТОШКЕНТ, 4 март. /«Дунё» АА/. «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти билан «Volkswagen Group Rus» компанияси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Келишувга кўра, «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида «Жиззах автомобиль заводи» масъулияти чекланган жамият базасида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этилиб, техникани сотиш тизими йўлга қўйилади. Завод “Volkswagen” концернининг йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган бир неча моделдаги енгил тижорат автомобилларини тўлиқ саноат цикли бўйича ишлаб чиқаришга ихтисослашади.

«Volkswagen Group Rus» янги замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ва жараёнларини тақдим этади, ходимларни ўқитишни амалга оширади. Завод “Volkswagen” концернининг ишлаб чиқариш, сифат, харидлар, етказиб бериш ва сотув тизимлари бошқаруви борасидаги замонавий стандартларига мувофиқ иш юритади.

 Бундан ташқари, корхона режаларига маҳаллий автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчиларини (бугунги кунда улар “Ўзавтосаноат” АЖга тегишли 30 та йирик завод ва 160 дан зиёд ўрта ҳамда кичик корхоналардан иборат) жалб қилиш орқали муайян маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш ҳам киради.

Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 20 минг автомобилга тенг бўлади.

Аҳолиси сони 34 миллиондан ортиқ Ўзбекистон саноат ишлаб чиқариш, кичик ва ўрта бизнеснинг янада ривожланиши учун йирик салоҳиятга эга. Мамлакатда енгил тижорат автомобилларининг бозори ўсиши учун истиқболли сегмент саналади.

– Ўзбекистон автомобиль бозори ривожланмоқда ва барча сегментларда катта ўсиш салоҳиятига эга. Концернимиз маҳсулоти, дилерлик марказларидаги хизмат кўрсатиш даражаси ўзбекистонлик истеъмолчилар томонидан муносиб баҳоланишига ишонамиз, – деди «Volkswagen Group Rus» бош директори Маркус Озегович.

Томонлар Битим доирасидаги ҳамкорликни 2020 йилда “Volkswagen Caddy” моделини ишлаб чиқариш ва сотиш билан бошлашга келишиб олди. Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида келажакда “Volkswagen Group” концернининг кенг моделларидан бошқа намуналарини ҳам ишлаб чиқариш ва келтириш имконияти кўриб чиқилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net