Жанубий кореялик ва сурхондарёлик ишбилармонлар ўртасида онлайн-форум ўтказилди

12.12.2020 10:27

ТОШКЕНТ, 12 декабрь. /«Дунё» АА/. Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес ассоциацияси ва Сурхондарё вилояти ўртасида видеомулоқот шаклидаги бизнес-форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири  Сурхондарё вилояти ҳокимлиги маълумотига таяниб.

Онлайн-форумда сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги иқтисодий, савдо ва инвестиция, туризм, маданий ва бошқа алоқалар, мамлакатларимиз ишбилармонларининг тенг шерикликка асосланган ўзаро ҳамкорлиги янги босқичда ривожланаётгани таъкидланди.

Бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун 2019 йил 19-22 июль кунлари Сурхондарё вилояти делегацияси Жанубий Кореяга хизмат сафарида бўлиб, ушбу давлатнинг йирик ишбилармонлари билан 191 миллион долларга тенг бешта келишув меморандуми имзолади.

“Мюнг Сунг Плакон” компанияси билан ҳамкорликда Шеробод туманида “Шеробод анор импекс” масъулияти чекланган жамияти анорни етиштиришдан тортиб, унинг ранги, ҳажми, пишиқлиги, ширинлиги ва турларга саралаш, анор шарбати ишлаб чиқариш ҳамда сақлашгача бўлган анорчилик кластерини ташкил этмоқда.

Лойиҳа доирасида 4 миллион долларга тенг инвестиция ўзлаштирилиб, юздан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Вилоятда Корея технологияси асосида 82 гектар ерда қиймати 25 миллион долларга тенг бешта замонавий иссиқхона барпо этилди. Бу йилига 6 миллион долларлик экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш имконини беради.

“NCG Engineering Co.Ltd” компанияси билан келишув асосида Шеробод туманида қиймати 200 миллион долларлик цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси руёбга чиқарилмоқда.

Жанубдаги воҳани 2020-2022 йилларда ривожлантириш иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш учун 11 триллион 784 миллиард сўмга тенг 744 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётир. Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши 13 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратади. Бу жараёнда Жанубий кореялик тадбиркорларнинг ҳам иштирок этаётгани аҳамиятлидир.

Онлайн-форумда Жанубий кореялик иштирокчилар Сурхондарё воҳасидаги инвестиция, экспорт ва туризм салоҳияти тақдимоти билан танишди. “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва “Термиз” халқаро савдо марказида яратилган имкониятлар, Шеробод туманида яратилаётган анорчилик кластери ва бошқа йўналишдарда маълумот тақдим этилди.

Онлайн-форум  доирасида икки томонлама музокаралар бзлиб ўтди. 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net