Жаҳон банкининг молиявий кўмаги билан амалга ошириладиган лойиҳалар кўриб чиқилди

21.01.2021 14:40

ТОШКЕНТ, 21 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Тошкентда бўлиб турган Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчук билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Жаҳон банки вакилларига асосий ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги ишлар тўғрисида, Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳукумат олдига қўйилган макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва мамлакат фуқаролари фаровонлигини таъминлаш бўйича 2021 йилги вазифалар тўғрисида маълумот берилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг қисқа ва ўрта муддатли истиқболда давлат маблағларини турли ижтимоий-иқтисодий соҳаларга инвестиция қилиш режалари баён қилинди. Келажакда уларни 2022-2026 йилларда Ўзбекистон ва ушбу халқаро молия институти ўртасида ишлаб чиқилган ҳамкорлик дастури доирасида Жаҳон банкининг маблағлари билан қўллаб-қувватлаш мумкин.

Томонлар мамлакат ҳукумати томонидан Жаҳон банкининг молиявий кўмаги билан амалга оширилган лойиҳаларни, шу жумладан қишлоқ жойларда ижтимоий аҳамиятга эга инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини модернизация қилиш, кўчмас мулкни рўйхатга олиш тизими ва кадастри самарадорлигини ошириш ва бошқа амалга ошириш мумкин бўлган лойиҳаларни кўриб чиқди.

Мулоқот давомида меҳмонлар Жаҳон банки ривожланиш сиёсати ва ҳамкорлик бўйича бошқарувчи директори Мари Пангестунинг Ўзбекистон вакиллари билан жорий йил февраль ойига режалаштирилган виртуал форматда бўлиб ўтадиган мулоқоти ҳақида маълумот берди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўзбекистонда бозор ислоҳотларини самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net