Жаҳон банки Ўзбекистонда фуқаро авиацияси ислоҳоти бўйича кўмакни давом эттиради

28.01.2020 10:34

ТОШКЕНТ, 28 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ҳукумати билан Жаҳон банки ўртасида битим имзоланди. Унга кўра, Жаҳон банки миллий авиация сиёсати ва фуқаро авиациясини ривожлантиришни таъминлаш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича консультатив кўмак кўрсатади. Бу ҳақда Жаҳон банки Матбуот хизмати манбасига асосланиб “Дунё” АА мухбири хабар бермоқда.

Жаҳон банкининг ушбу соҳадаги ҳамкорликка доир кўмаги биринчи битим бўйича 2019 йилнинг август ойида муваффақиятли якунланганди.

Янги келишувга мувофиқ халқаро молия институти Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Фуқаро авиацияси агентлиги, “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятлари билан ҳамкорликда консультатив хизматларни тақдим этади.

“Хавфсиз, ишончли ва самарали авиация сектори мамлакатда савдо, бизнес ва туризмни ривожлантиришнинг муҳим шартидир. Биз Ўзбекистон билан бу борадаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижалари Ўзбекистон иқтисодиёти ва тараққиётида ўз аксини топишига ишонамиз”, дея қайд этган Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори.

Жаҳон банки мамлакатда ислоҳотлар дастурини амалга ошириш бошланган дастлабки кунлариданоқ молиявий ва техник кўмак беришни кенгайтирди. Айни пайтда банкнинг мамлакатимиздаги инвестициявий портфели умумий қиймати 3,5 миллиард доллар бўлган 21 та лойиҳани қамраб олган. Бу, ўз навбатида, ҳукумат макроиқтисодий сиёсати, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти, санитария, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net