Жаҳон банки солиқ тизимини такомиллаштиришга кўмаклашади

30.01.2020 10:05

ТОШКЕНТ, 30 январь /Дунё АА/. Давлат солиқ қўмитасида Ўзбекистонда солиқ ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш учун техник ёрдам кўрсатишнинг янги босқичи доирасида Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти ва Жаҳон банки миссияси вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Жаҳон банки билан солиқ тизимини ривожлантиришда техник ёрдам кўрсатишнинг ушбу босқичида қатор лойиҳаларни янада такомиллаштириш ва амалга ошириш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоиз, солиқ органлари томонидан тадбиркорларни текшириш амалиёти 2020 йилнинг биринчи чораги давомида амалга оширилмайди. Кейинги текширувлар эса мустақил, ташқи аралашувларсиз, тадбиркорлар фаолиятини таҳлил қилиш ва солиққа оид ҳуқуқбузарликлар хавфини баҳолаш тизими – "Хавфларни таҳлил қилиш"га мувофиқ олиб борилади.

Ушбу тизим текширувларни инсон аралашувисиз амалга оширишни таъминлайди. Ушбу вазиятда Жаҳон банки мутахассислари “Хатарларни таҳлил қилиш” тизимининг тўлиқ автоматик режимда ишга туширилишига ёрдам беради.

Шунингдек, Жаҳон банки миссияси мутахассислари Қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) қайтариш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқишга ҳам жалб қилинади.

Ушбу чора қайта кўриб чиқилган Солиқ кодексида кўзда тутилган. Унинг амалга оширилиши тадбиркорларга ўз бизнесини ривожлантиришга имкон беради.

Электрон тижоратни солиққа тортиш ва пул ўтказмалари нархларини бошқаришда ҳам Жаҳон банки билан яқиндан ҳамкорлик қилинади.

Бундан ташқари, Жаҳон банки кўмагида солиқ текширувини халқаро стандартларга мослаштириш, шунингдек, солиқ инспекциялари ҳудудий бўлинмалари ходимлари учун махсус ўқув-семинарларни ташкил этиш режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net