Ҳиндистон Ўзбекистоннинг ёқилғи-энергетика комплекси бўйича ҳамкорликка қизиқиш билдирмоқда

13.03.2020 12:35

ТОШКЕНТ, 13 март. /«Дунё» АА/. «Ўзатом» агентлигида Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчиси Сантош Жа билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг ёқилғи-энергетика комплекси бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашувда «Ўзатом» агентлиги делегациясининг шу йил февраль ойида Ҳиндистонга сафари АЭС қурилиши бўйича тажриба алмашиш, давлат ядровий-энергетика дастурини амалга оширишда икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини бергани қайд этилди. Эришилган келишувлар муҳокама қилинди.

Муҳокамалар чоғида Ядровий-энергетик соҳасида ҳамкорликнинг глобал маркази (GCNEP, Ҳиндистон) билан «Ўзатом» агентлиги ўртасида атом энергетикаси соҳасида кадрларни тайёрлашда ҳамкорликни назарда тутадиган ўзаро англашув меморандуми лойиҳаси тақдим этилди.

GCNEP 2010 йилда Ҳиндистон Ҳукуматининг Атом энергияси бўйича департаменти қошида ташкил қилинган бўлиб, 5 та мактаби бор. Улар ядро энергияси ва ядровий хавфсизлик соҳасида тадқиқотлар, радиологик хавфсизлик, ядровий материал характеристикасини ўрганиш, радиоизотоплар ва радиацион технологияларни қўллаш билан шуғулланади.

Элчи бугунги кунда Ҳиндистонда ядровий тиббиёт ва агросаноат комплексида ядровий технологияларни қўллаш ривожланиб бораётгани, ҳинд компаниялари ушбу соҳадаги йирик лойиҳаларда фаол иштирок этаётгани ҳақида маълумот берди.

Шу билан бирга Ҳиндистон томони Ўзбекистон учун қуёшли панелларни жорий этиш учун грантлар ажратиш имконияти мавжудлигини маълум қилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net