Ғузор туманида 300 МВтгача бўлган қуёш фотоэлектр станциясининг қурилиш лойиҳаси бўйича тендер эълон қилинди

05.01.2022 09:30

ТОШКЕНТ, 5 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон энергетика вазирлиги Ғузор туманида қуввати 300 МВтгача бўлган қуёш фотоэлектр станциясининг (ҚФЭС) қурилиши лойиҳаси доирасида мустақил электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар (инвесторлар – ишлаб чиқарувчилар) учун тендер (талабларга мувофиқлик сўрови - RFQ) босқичи бошланганини эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан Осиё тараққиёт банки (ОТБ) кўмагида амалга оширилаётган умумий қуввати 1 ГВт бўлган ҚФЭСларни қуриш дастури доирасидаги иккинчи лойиҳа ҳисобланади.

Дастур Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ҳамда ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан амалга оширилмоқда.

Мазкур дастур қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш ва 2030 йилга қадар мамлакатимизда электр энергиясига ўсиб бораётган талабни қондириш учун 7 ГВтгача қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича стратегиянинг асосий таркибий қисмларидан биридир.

Танлов ғолиби томонидан Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 300 МВтгача қувватга эга ҚФЭСни лойиҳалаштириш, молиялаштириш, 25 йил давомида фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатишни амалга оширилиши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида инвестор лойиҳа ер майдони ёнида жойлашган 500 кВ кучланишли Ғузор подстанциясигача электр узатиш тармоғини ҳам қуриши керак бўлади.

Ушбу лойиҳа ОТБ билан юқорида келтирилган қўшма дастур доирасидаги биринчи лойиҳада – 457 МВт қувватга эга Шеробод ҚФЭСни қуришда қўлланилган илғор халқаро амалиётга мувофиқ амалга оширилади.

Лойиҳа халқаро миқёсда тан олинган моделли давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида, малакали хусусий инвестор – ишлаб чиқувчини жалб этиш ва танлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Тендер «талабларга мувофиқлик сўрови» (RFQ) босқичида иштирок этиш учун барча манфаатдор томонлар Сўров ҳужжатини юклаб олишлари ва тендерда иштирок этишлари мумкин.

Маълумот ўрнида,  Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон энергетика соҳасида амалга оширилаётган муҳим ислоҳотларни илгари суриш, шунингдек, мамлакатимизда қуёш энергиясидан фойдаланишни ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. ОТБ экспертлари 2014 йилда қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишда, Ўзбекистонда қуёш салоҳиятини баҳолаш бўйича бир қанча тадқиқотларни амалга оширишда иштирок этди. Умумий қуввати 1 ГВт бўлган ҚФЭС қуриш дастури доирасида Ўзбекистон ҳукуматининг талабларига биноан халқаро стандартлар асосида тендер савдоларини ўтказиш учун ОТБнинг консалтинг хизматлари жалб қилинади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net