Грузия Ўзбекистоннинг пиллачилик ва ипакчилик соҳасидаги тажрибасини ўрганмоқда

06.07.2021 12:43

ТОШКЕНТ, 6 июль. /«Дунё» АА/. «Ўзбекипаксаноат» уюшмасида Грузия қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш вазири маслаҳатчиси, Хитойни ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот институти ҳамда «Ajarian House» халқаро жамғармаси директори Жемал Путкарадзе бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Дунё АА мухбири.

Учрашув аввалида меҳмонлар уюшмада ташкил этилган “шоу-рум” - тайёр ипак маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Шундан сўнг томонлар ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан ўзаро фикр алмашди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда пиллачилик ва ипакчилик соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда улар бераётган салмоқли натижаларга доир атрофлича маълумот меҳмонлар эътиборига ҳавола қилинди. Жумладан, «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси хусусий тадбиркорлар томонидан бошқарилаётган пиллачилик ва ипакчилик корхоналарининг иш фаолиятини тартибга солиб туриши алоҳида таъкидланди. Соҳадаги ҳар бир ижобий ўзгаришлар бевосита давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши ва соҳа ривожига оид қабул қилинган қарорлар асосида олиб борилаётгани ҳамда тармоқ изчил ривож топаётганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунлари бўйича грузиялик мутахассисларнинг Ўзбекистонда малака оширишини ташкил этиш юзасидан ўзаро келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net