Германиянинг чорвачилик бўйича илғор тажрибаси ўрганилмоқда

27.06.2020 11:53

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 27 июнь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши ва Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда йўлга қўйилган “АгроМентор” лойиҳаси доирасида “Қорамолчиликда сутчилик ишлари: Германия тажрибаси” мавзуида вебинар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Онлайн-тадбирда Германиянинг Бавария федерал ўлкасида фаолият юритувчи йирик фермер хўжаликларидан бири бўлган “Wufka Gbr Milchviehbetrieb”да амалиёт ўтаётган ватандошимиз Шаҳло Аширметова ўзининг билим ва тажрибасини соҳага янги кириб келаётган юртдошларимиз билан ўртоқлашди.

Zoom, Youtube ва Facebook ижтимоий тармоқлари орқали тўғридан-тўғри намойиш этилган вебинарда 250 нафардан зиёд ўзбекистонлик ёш фермер ва чорвачиликка қизиқиши бўлган мутахассислар қатнашди.

Қорақалпоғистон, Хоразм ва Бухоро вилоятлари вакилларига Европанинг сутчилик йўналишидаги илғор тажрибаси етказилди.

?ш жараёнидан олинган видеотасвирлар билан бойитилган вебинар давомида Ш.Аширметова Германияда сутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолияти, замонавий технологиялар ва услублар, мамлакатимизда амалиётга тадбиқ этиш мумкин бўлган янгиликлар юзасидан маълумотлар тақдим этди.

Германияда малака ошираётган ёш мутахассис тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар ҳамда немис тажрибасига асосланган кўплаб фойдали маслаҳат ва тавсиялар берди.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши ва Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда жорий йилнинг март ойидан бошлаб қишлоқ хўжалигининг турли йўналишларида Германия тажрибаси ўрганиш юзасидан вебинарлар мунтазам равишда ташкил этиб келинаётганини қайд этиш жоиз.

Шу кунгача 5 мингдан ортиқ мутахассис қатнашган вебинарлар давомида ёзиб олинган тақдимот ва видеолавҳалар Ўзбекистон ёш фермерлар кенгашининг вилоятлардаги бўлинмалари томонидан соҳага янги кириб келаётган юртдошларимиз орасида алоҳида онлайн дарслар кўринишида намойиш этиб келинмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net