Францияда Ўзбекистон – Франция қўшма корхонаси ташкил этилди

10.07.2020 14:27

ПАР?Ж, 10 июль. /«Дунё» АА/. Парижда Ўзбекистоннинг «Marafon Finlex» билан Франциянинг «Opal & Co» компаниялари ўртасида «ABM ORGANICS LLC» қўшма корхонасини ташкил этиш бўйича тасис ҳужжатларини имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«ABM ORGANICS LLC» компаниянинг асосий фаолияти Ўзбекистон маҳсулотларини Европа бозорларига экспорт қилиш, мамлакатимизга сармоя ва илғор технологияларни жалб қилиш, икки давлат иқтисодий доиралари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Тасис ҳужжатларини имзолаш муносабати билан ташкил қилинган маросимда янги қўшма компания мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада чуқурлаштиришга қўшимча туртки бериши таъкидланди. «ABM ORGANICS LLC» компанияси халқаро иқтисодий тадбирларда, шунингдек, Франциянинг йирик компаниялари ва корхоналари билан музокараларда Ўзбекистон номидан иштирок этади. Яқин истиқболда компания ўзбек маҳсулотлари ва товарларининг брендини яратишни режалаштирмоқда. Бу Ўзбекистон маҳсулотларининг Европада, хусусан, Францияда оммалашишига имкон беради.

Компания бозор муаммоларининг ностандарт ечимлари ва янги ўсиш нуқталарини қидиришга эътибор қаратади. Хусусан, Хоразм вилоятида «Техник канопни етиштириш ва қайта ишлаш» лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Техник каноп қишлоқ хўжалигининг сердаромад ўсимликларидан бири бўлиб, у пахтадан беш баравар кам сув истеъмол қилади. Амалда исроф бўлмайдиган ва экологик тоза хомашёдир. Техник канопдан иплар, матолар, озиқ-овқат, косметика, фармацевтика маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш мумкин.

Мутахассисларга кўра, келгусида техник каноп саноати нафақат Францияда балки, бошқа ривожланган мамлакатларда ҳам «яшил иқтисодиёт»нинг устувор йўналишларига айланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net