Фарғонада Корея-Ўзбекистон бизнес ассоциациясининг ваколатхонаси очилди

23.09.2020 13:11

ТОШКЕНТ, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири Фарғона вилояти ҳокимияти матбуот хизматига таяниб хабар бермоқда.

Айтиш жоизки, икки томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқалари пандемия шароитида ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Онлайн мулоқотлар доимий ташкил этилиб, биргаликдаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш тадбирлари кўрилмоқда. Жумладан, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги делегация жорий йилнинг июль ойида ушбу мамлакатда қилган сафари доирасида 885 миллион долларлик 8 та лойиҳани ҳаётга тадбиқ этиш бўйича ҳужжатлар имзоланган эди.

Хусусан, Фарғона шаҳрида Корея-Ўзбекистон бизнес ассоциацияси ваколатхонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди, ваколатхонанинг Жанубий Корея томонидан вакили сифатида Корея ҳудудий иссиқлик таъминоти корпорацияси собиқ директор ўринбосари Бенжамин Вон тайинланди. Шунингдек, у Фарғона вилояти ҳокимининг ташқи иқтисодий алоқалар бўйича маслаҳатчиси сифатида ҳам фаолият юритиб келмоқда.

Қисқа вақт ичида Фарғона шаҳрида ваколатхонани ташкил этиш ишлари амалга оширилди ва у бугун ўз фаолиятини бошлади.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Корея-Ўзбекистон Бизнес ассоциацияси ваколатхонасининг очилиш маросимида иштирок этиб, яратилган шарт-шароит, қулайликлар билан танишди. Жанубий Кореялик ишбилармонларнинг амалий фаолиятида муваффақиятлар тилади.

- Бугундан бошлаб бу ерда ҳаёт қайнайди, - дейди вилоят ҳокими. – Қисқа муддатда ташкил этилган мазкур ваколатхона ўзаро иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, лойиҳаларни амалга ошириш, икки давлат тадбиркорларига мулоқот майдони яратиш каби эзгу ишларга хизмат қилади. Бу юртимиз фаровонлиги йўлида қўйилган муҳим бир қадамдир. Албатта, бу тадбирлар ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришда катта турки бўлади.

Мазкур ваколатхона Жанубий кореялик ва фарғоналик тадбиркорлар ўртасида бевосита алоқалар ўрнатиш, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

- Бизни Ўзбекистонга, хусусан, Фарғона вилоятига меҳримиз бошқача, - дейди Корея-Ўзбекистон Бизнес ассоциациясининг ваколатхонаси раҳбари Э.Ким. - Дўстона муносабатларимиз натижасида бу ерда жуда кўплаб инвестициявий лойиҳалар ишга туширилмоқда. Биргина Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университети ташкил этилиб, яқинда янги бинода иш бошлагани ҳам ҳамкорлигимизнинг самарасидир. Бу ваколатхона турли соҳаларда алоқаларимизни кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Корея Республикаси Ўзбекистоннинг узоқ муддатли, ишончли ва вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкорларидан биридир. Сўнгги пайтларда ҳудудлараро алоқалар мустаҳкамланиб, Жанубий кореялик сармоядорлар билан биргаликда кўплаб лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида бугунги кунда мазкур давлат билан саноат, таълим, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда самарали алоқалар йўлга қўйилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Жанубий Кореянинг йирик компания ва тадбиркорларининг вилоят инвестицион салоҳиятига қизиқиши юқори.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net