ЕТТБ президенти Сума Чакрабарти Фарғонада бўлди

04.03.2020 11:13

ФАРҒОНА, 4 март. /«Дунё» АА/. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташрифи доирасида Фарғонада бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири, вилоят ҳокимлиги манбасига таяниб.

Хабарда келтирилишича, вилоят ҳокими Ш.Ғаниев халқаро молия институтининг Ўзбекистондаги вакиллари билан мулоқот доирасида банк президенти Сума Чакрабартини Фарғона вилоятига таклиф қилган. Сума Чакрабартининг вилоятга ташрифи ушбу таклиф доирасида ташкил этилиб, икки томонлама ҳамкорлик юзасидан муҳокамалар ўтказишга қаратилган.

Дастлабки мулоқот “Фарғона” халқаро аэропортида амалга оширилди. Унда вилоят ҳокими Ш.Ғаниев Фарғонанинг иқтисодий салоҳияти ва инвестиция имкониятлари, шунингдек, ЕТТБ кредит маблағларининг мақсадли ўзлаштирилиши жараёни ҳақида сўзлаб берди.

Таъкидлаш ўринли, ўтган вақт мобайнида мазкур банк кўмагида вилоятда 45 та лойиҳа ташаббускори қўллаб-қувватланди. Марғилон шаҳридаги “Ferlev” масъулияти чекланган жамиятнинг нефть маҳсулотлари сотиб олиш, Данғара туманидаги “Real kabelinvest” корхонасининг замонавий иссиқхона ташкил қилиш, Фарғона шаҳридаги “Meridian diagnostic hospital” очиқ акциядорлик жамиятининг тиббий асбоб-ускуналар сотиб олиш лойиҳаси шулар жумласидан.

ЕТТБ президенти Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” ва “?ндорама Қўқон текстиль” фабрикалари билан танишди.

“Фарғонага ташрифдан жуда мамнунман. Ўзига хос табиатга эга вилоят мени мафтун этди. Марғилон шаҳрида ўтказилган халқаро “Атлас” ва Қўқондаги “Ҳунармандчилик” фестивали ҳақида аввал эшитгандим. Бугун фарғоналик ҳунармандлар маҳсулотларини кўриб, ушбу заминнинг донишманд халқи ва қўли гул ҳунармандлари яратган ижод намуналари асрий қадр-қимматга эга эканини яна бир бор ҳис қилдим”, дея ўз таассуротлари билан бўлишган Сума Чакрабарти.

ЕТТБ президенти Сума Чакрабартининг Фарғонага ташрифи чоғида унга инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамроҳлик қилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net