Эронлик инвестор Бухорода 2 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш таклифини билдирди

04.02.2021 18:04

ТЕҲРОН, 4 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Эроннинг сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Rassan Industrial Group» компанияси бошқарув раиси Аббос Маржоний билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Элчихона маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон ҳудудида сантехника буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхона барпо этиш бўйича инвестицион лойиҳа амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

«Rassan Industrial Group» компаниясига 1998 йилда асос солинган.  Компаниянинг ишлаб чиқариш заводи пойтахт Теҳронга туташ Аббос-обод саноат шаҳрида жойлашган. Корхонанинг 16 минг квадрат метрга тенг бўлган ишлаб чиқариш цехларида 600 дан ортиқ ишчи меҳнат қилади.  Ҳозир кунда корхона томонидан  80 турдан ортиқ маҳсулот тайёрланмоқда.

 Компания бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ?роқ, Афғонистон, Ливан, Сурия, Ўмон, Арманистон, Россия, Кувайт каби 20 дан зиёд мамлакатга экспорт қилинмоқда.

Аббос Маржонийга мамлакатимизда хорижий инвесторлар фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар, уларга тақдим қилинаётган имтиёзлар, солиқ тўловлари, майдон ажратиш шартлари, эркин иқтисодий зоналар тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, режалаштирилган инвестицион лойиҳани Бухоро вилоятида амалга ошириш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Ўз навбатида эронлик тадбиркор «Rassan Industrial Group» компанияси ишлаб чиқариш кўлами ва экспорт географиясини кенгайтириш йўналишдаги ҳаракатларни фаоллаштираётгани, шу маънода Ўзбекистонда инвестицион лойиҳани амалга ошириш масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди.

У Ўзбекистон ҳудудида 2 миллион долларга тенг тўғридан-тўғри инвестиция киритган ҳолда  сантехника маҳсулотлари  ва бошқа турдаги буюмларни  ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани барпо этиш ниятида эканини маълум қилди. Лойиҳа юзасидан Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан учрашув ва музокаралар ўтказиш мақсадида жорий йил февраль ойида Тошкент ва Бухоро шаҳарларига ташриф буюришни режалаштираётганини таъкидлади.

Мулоқот якунида эронлик инвестор билан амалий лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш билан боғлиқ масалаларни жадаллаштиришга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net