«Эрон – Афғонистон – Ўзбекистон» йўналишида илк мультимодал автокарвон ташкил этилади

24.07.2020 11:50

ТОШКЕНТ, 24 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси, Афғонистон ?слом Республикаси ва Эрон ?слом Республикаси вакиллари иштирокида видеоконференция шаклида транспорт соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш, учала томон учун бирдек манфаатли бўлган истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Транспорт вазирлиги манбасига асосланиб.

Онлайн-йиғилишда Ўзбекистон делегациясига Транспорт вазири Элёр Ғаниев, Афғонистон делегациясига мамлакат транспорт вазири Ямо Шамс, Эрон делегациясига эса мамлакатнинг йўл ва шаҳарсозликни ривожлантириш вазири Муҳаммад ?сломий раҳбарлик қилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Элёр Ғаниев бугун дунёда кузатилаётган коронавирус пандемияси сабаб давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар жиддий равишда мураккаблашиб бораётганини, мазкур вазиятда мамлакатларимиз ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларни янада фаоллаштириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан қўшма қарорлар қабул қилиш зарурлигини даврнинг ўзи тақазо этаётганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Мулоқот давомида трансафғон темир йўлининг қурилиш масаласи ҳамда «Шимол-Жануб»  транспорт коридори доирасида Эроннинг «Чохбохор» порти имкониятларидан унумли фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. 

Шунингдек, учрашувда томонларнинг транзит потенциалини янада ривожлантиришда мавжуд қатор муаммолар хусусан, тариф масалалари, юк ташувлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган TIR тизимидан тўлиқ фойдаланиш, истиқболда электрон TIR тизимини жорий этиш масалалари бўйича фикр алмашилди.  

Томонлар мавжуд муаммоларни ҳал этиш, давлатлар ўртасида юк ташиш ва транзит қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш масалаларини тартибга солувчи янгиланган халқаро ҳужжатни имзолаш зарурлигини алоҳида қайд этди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон томони «Эрон – Афғонистон – Ўзбекистон» йўналишида илк автокарвонни ташкил этиш таклифини билдирди. Ушбу автокарвоннинг ташкил этилиши йўналиш бўйлаб юзага келиши мумкин бўлган муаммолар бўйича тасаввурга эга бўлишга ва уларнинг ечими юзасидан аниқ чораларни кўришга имконият яратади. Мазкур таклиф Афғонистон ва Эрон томонидан ҳам маъқулланди. Эрон томони айнан мазкур йўналишда мультимодал транспорт коридорини ташкил этиш давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг янада ривожланишига катта туртки беришини алоҳида қайд этди. Муҳаммад ?сломий, шунингдек, 2021 йилда Эрон томони Чохбохор портидан мамлакатнинг Захедон шаҳригача темир йўл қуриб битказилиши ва ишга туширилишини, бу эса ўз навбатида давлатлар ўртасида юк ташувлар ҳажмининг ортишига ҳисса қўшишини таъкидлаб ўтди.   

Афғонистон транспорт вазири Ямо Шамс давлатлар ўртасидаги транспорт ва транзит алоқаларини ривожлантиришга ва бу борадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Эрон – Афғонистон – Ўзбекистон йўналишида илк мультимодал автокарвонни ташкил этиш ва бу жараёнда хавфсизлик масалалари Афғонистон ҳукумати томонидан тўлиқ таъминланишини таъкидлади. 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net