«Ernst & Young» илк бор «Ўзбекнефтгаз» фаолиятига оид аудит хулосасини берди

11.06.2020 10:28

ТОШКЕНТ, 11 июнь. /«Дунё» АА/. «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятида «Ernst & Young» халқаро аудиторлик компанияси томонидан мустақил ташқи аудит ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Энергетика вазирлиги манбасига асосланиб. (МҲХС)

Штаб квартираси Лондонда жойлашган «Ernst & Young» дунёдаги йирик аудитор-консалтинг компанияларидан бири ҳисобланади. Жаҳондаги 150 мамлакатда йирик корхоналар фаолияти бўйича аудит ўтказадиган ушбу компания «Ўзбекнефтгаз» фаолияти юзасидан илк бор аудит хулосасини берди.

«Ўзбекнефтегаз»да халқаро корпоратив кредит рейтингини олиш хамда хорижий инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштириш мақсадида молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини (МҲХС) жорий этиш чора-тадбирлари режаси ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, "Ўзбекнефтегаз" 2016 – 2019 йиллар учун барча консолидациялашган молиявий ҳисоботлари халқаро рейтинг агентлигига тақдим этилди.

Ушбу аудит хулосаси орқали «Ўзбекнефтгаз» халқаро рейтинг агентликлари, молиявий ва юридик консультантлар билан ҳамкорликда корпоратив кредит рейтингини олиш, савдолар, активлар рентабеллиги, активлар ва мажбуриятларнинг айланиш даражаси ҳамда бошқа кўрсаткичлар бўйича халқаро амалиёт асосида белгиланадиган минимал талабларни амалиётга жорий этишни мақсад қилган.

Шунингдек, жорий йилда халқаро стандартлар (ISAR) тамойил ва талабларига мувофиқ ҳисобот эълон қилишнинг корпоратив стандартларини жорий этиш, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (IFRS)ни қўллаш ҳамда ҳар чоракда фаолиятнинг асосий йўналишлари бўйича молиявий ҳисобот тузиш, уни эълон қилиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, «Ernst & Young» амалга оширган аудит Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net