Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда

28.05.2021 16:47

ТОШКЕНТ, 28 май /«Дунё» АА/.  Давлатимиз раҳбари томонидан эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар республиканинг иктисодий салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, саноат ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш учун шароитларни яхшилашда муҳим қадам бўлмоқда.

Айни пайтда мамлакатимиздаги 23 та эркин иқтисодий зона жами 17,1 минг гектар ер майдонига эга бўлиб, шундан 3,9 минг гектарида қиймати 5,4 миллиард долларга тенг 904 та инвестиция лойиҳаси жойлаштирилган. 4,8 минг гектарга яқин майдон фойдаланмасдан қолмоқда, бу эса мазкур майдонда янги инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш, саноат қувватлари ва қўшимча иш ўринлари яратиш мумкинлигини англатади. Шу билан бирга улар майдонининг қарийб ярими ҳозирча зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари билан тўлик таъминланмаган.

Шунингдек, республикамизда 348 та кичик саноат зонаси мавжуд бўлиб, уларнинг умумий майдони 2,4 минг гектарни ташкил этади. 1,6 минг гектар майдонга умумий қиймати 16,7 триллион сўмлик 3 минг 587 та инвестиция лойиҳаси жойлаштирилган. Қолаверса, фаолият кўрсатаётган 60 та кичик саноат зонаси зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан тўлиқ таъминланмаган.

Эркин иқтисодий ҳамда кичик саноат зоналарнинг муҳандислик- коммуникация тармоқларига уланишини таъминлаш — улар фаолиятини жадал ривожлантиришни рағбатлантириш учун қулай муҳитнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли, жорий йилда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари учун ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуришга 827,9 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши билан эркин иктисодий зоналарда бўш турган 4,9 минг гектар ер майдонидан 3,3 минг гектар ер майдони, кичик саноат зоналаридаги 822 гектар ер майдони муҳандислик- коммуникация инфратузилмалари билан тўлиқ таъминланади. Қарор билан ҳар бир эркин иқтисодий зона ва ҳар бир кичик саноат зонасини инфратузилмалар билан таъминлаш бўйича манзилли рўйхат тасдиқланди.

Жорий йил эркин иқтисодий зоналарда умумий қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган 332 та лойиҳа, кичик саноат зоналарида умумий қиймати 9,4 триллион сўм бўлган 1 минг 845 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Натижада 35 минг 384 та янги иш ўрни яратилади. Бу лойиҳалар, асосан, иқтисодиётимизнинг ўсиш нуқтаси ҳисобланган электротехника, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, нефть-газ, фармацевтика, туризм, иссиқхона хўжаликлари, халқ истеъмол молларини ишлаб чиқариш саноати йўналишларида амалга оширилади. Ушбу вазифаларнинг бажарилиши натижасида йил якуни билан 400 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 350 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бу, ўз навбатида, давлат бюджетига қўшимча 2 триллион сўмдан ортиқ маблағни йўналтиришга имкон беради.

Ҳудудлардаги эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида бизнес субъектлари фаолияти, улардан самарали фойдаланиш ишларининг мониторингини юритиш, лойиҳаларни истиқболда ривожлантириш масалалари доимий муҳокама қилинмоқда.  ?қтисодий зоналарнинг  салоҳиятини янада мустаҳкамлаш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда юртимизда ушбу соҳани тартибга солувчи қонунчилик базаси шакллантирилмоқда. Галдаги мақсад эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгашлари ваколатини кенгайтириш, маъмурий функцияларни номарказлаштириш орқали уларнинг фаолиятини бошқариш механизмини соддалаштиришга эътиборни кучайтиришдир. Бу борада «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида» қонун билан бирга давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 10 дан ортиқ қарор ҳамда 20 яқин бошқа норматив ҳужжатлар қабул қилингани соҳада тизимли ислоҳотлар натижадорлигини таъминлашга хизмат қилишини қайд этиш лозим.

Шу билан бирга, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва фаолият кўрсатиш амалиётини ўрганиш уларнинг самарали фаолият юритишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжудлигини аниқлаш бўйича қатор таъсир чоралари кўрилмоқда. Хусусан, инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишга тўсқинлик қилаётган эркин иқтисодий зоналарнинг салоҳиятли инвесторлар учун жозибадорлигини пасайтираётган омиллар бартараф этилмоқда.

 Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, мамлакатимиз минтақаларида ташкил этилаётган эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳудудларнинг замонавий ривожланиши, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш баробарида, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net