Энергетика вазирлиги ислоҳотлар жараёнига энг яхши дунё тажрибасини жалб қилмоқда

03.12.2020 11:56

ТОШКЕНТ, 3 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Алишер Султонов чоршанба куни Тошкентда «Rothschild & Cie» банки бошқарувчи директори, «Rothschild&Co» Кузатув кенгаши аъзоси Баронесса Ариэль Моллард де Ротшильд билан музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири вазирлик матбуот хизмати маълумотига таяниб.

Ўзбекистон энергетика сектори учун «Rothschild & Co» молия-холдинг компаниясининг тажрибаси йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек хусусийлаштириш жараёни кечишида муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, ҳозирги вақтда компания МДҲнинг Қозоғистон, Россия, Озарбайжон каби мамлакатларининг молиявий тузилмаларини хусусийлаштириш жараёнида консалтинг хизматларини тақдим этмоқда.

Учрашув чоғида хорижий томонга ягона энергетика бозорини шакллантириш мақсадида мамлакатимиз нефть-газ ва электр энергетикаси тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳусусида маълумот берилди. Ўзбекистоннинг 2030 йилгача қайта тикланадиган энергия манбалари (ҚТЭМ)дан фойдаланиш асосида генерация улушини 10 ГВт ва анъанавий генерацияни 3 баробарга ошириш бўйича стратегиясига асосий эътибор қаратилди. Электр энергияси генерацияси келгусида тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ҳисобидан давлат-хусусий шерикчилиги (ДХЧ) асосида ривожланиши қайд этилди. 

Ўз навбатида Ариэль Моллард де Ротшильд мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. У «Rothschild & Cie» ҚТЭМ лойиҳалари бўйича консалтинг хизматлари кўрсатиш, шунингдек мазкур лойиҳалар доирасида облигациялар чиқариш ва IPO (компания акцияларини очиқ бозорда жойлаштириш жараёни)га чиқиш соҳасида катта халқаро тажрибага эга эканини урғулади.  

IPOга чиқиш мақсадида ҳар қандай компания кўплаб қатъий белгиланган тамойиллардан ўтади ва бу ўз навбатида унга расман “шаффоф” бўлиш имконини беради. Шу тариқа, компаниянинг сармоядорлар олдида жозибадорлиги ортади, у молиявий жиҳатдан барқарор бўлади, бу эса мамлакат энергетика соҳаси компаниялари ва уларнинг муваффақиятли фаолияти учун муҳим аҳамият касб этади.

Музокараларда томонлар «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз» ва «Ҳудудгазтаъминот» ҳиссадорлик жамиятларини ислоҳ қилиш борасида ўзаро ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқиш, келгусида IPOга чиқиш билан бирга мазкур йўналишда консалтинг хизматлари кўрсатиш бўйича келишувга эришди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net