Энергетика соҳасида янги қонун, бозор модели ва электр тармоқлари тўғрисидаги кодекс ишлаб чиқилмоқда

05.02.2020 10:16

ТОШКЕНТ, 5 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонда «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири устида иш олиб борилмоқда. Бу эса мамлакатда Энергетика вазирлиги томонидан халқаро тажрибанинг энг яхши жиҳатларини жалб этган ҳолда амалга оширилаётган ишлардан бири, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига асосланиб.

Хусусан, янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш борасидаги ишлар Энергетика вазирлиги ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ушбу  жараёнга Буюк Британия, Грузия, Австрия, Болгария ва ?талия мамлакатларидан экспертлар, шунингдек, қонун ижодкорлиги борасида катта тажрибага эга юқори малакали мутахассислар жалб этилган.
Янги қонун 2020 йил май ойининг охирида кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Энергетика вазирлиги Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки билан биргаликда 2023 йилда жорий этилиши кутилаётган рақобатдош электр энергияси бозори моделини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб боряпти. Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки таркибида электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилиш бўйича кўп йиллик назарий ва амалий тажрибага эга халқаро экспертлар – Грузия, АҚШ ва Туркия давлатлари маслаҳатчилари иштирок этади.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳа гуруҳи мутахассислари, халқаро экспертлар ва маслаҳатчилар бозорнинг истиқболли моделлари ва бозор муносабатларига ўтиш усулларини ўрганмоқда. Электр энергияси бозори модели ва бозор муносабатларига ўтиш концепциясини жорий йил март ойи охирига қадар Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш режалаштирилган.

Жаҳон банки билан ҳамкорликда Электр тармоқлари кодексининг (Grid Code) ишлаб чиқилиши ислоҳотларнинг яна бир босқичи, дейиш мумкин. Бу ишга Сербия ва Буюк Британия мамлакатларининг халқаро маслаҳатчилари ҳам жалб этилган. Электр тармоқлари кодексининг амалга оширилиши мамлакатимизга энергия компаниялари ва электр энергияси истеъмолчилари вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини аниқ белгилаш имконини беради. Режага кўра, “Grid Code” лойиҳаси ҳукуматга жорий йилнинг май ойи охирида тақдим этилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net