Экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширган ишлар

02.05.2020 19:17

ТОШКЕНТ, 2 май. /«Дунё» АА/. Ҳудудлар ва тармоқларда экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг тадбиркорлари ва экспортчилари билан уларнинг жорий фаолиятини ўрганиш ва коронавирус пандемиясининг тарқалиши оқибатларини ҳамда глобал инқироз ҳодисаларини юмшатиш бўйича тезкор ва ностандарт чора-тадбирлар тўпламини қўллашга йўналтирилган ишларни олиб борди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири, Ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.

Ташриф давомида Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги 1132 та корхонанинг фаолияти ўрганилиб, 342 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларда муаммоли масалалар аниқланди. Жумладан, 158 та ҳолатда айланма маблағларни тўлдириш учун кредит ресурсларига бўлган талаб, 115 та ҳолатда – ажратилган кредитлар бўйича фоизларни тўлаш муддатини узайтириш зарурати, 20 та ҳолатда –ускуналарни ўрнатиш учун хорижий мутахассисларни Ўзбекистонга жўнатиш билан боғлиқ бўлган масалалар ҳамда ер майдонлари, бўш бино ва иншоотларни ажратиш, халқаро сертификатларни олиш, муҳандислик коммуникация тармоқларига уланиш каби бошқа қийинчиликлар аниқланди. Барча масалалар тегишли давлат тузилмалари ва тижорат банклари раҳбарларини жалб қилган ҳолда жойида кўриб чиқилиб, ҳал қилинди.

Шунингдек, барча 202 экспортчи корхоналар билан иш олиб борилиб, бунинг натижасида, бугунги кунда, 61 та тадбиркор ишлаб чиқариш фаолиятида муаммоларга дуч келаётганлиги маълум бўлди. 20 та корхонада айланма маблағларни тўлдириш учун кредит ресурсларига бўлган талаб,
17 тасида – илгари тўланган Қўшилган Қиймат Солиғини қоплаш бўйича сўровномалар,
21 тасида – буюртмаларнинг йўқлиги ва маҳаллий маҳсулотларга салоҳиятли хоржий харидорларни топиш зарурияти аниқланди.

Алоҳида эътибор "Сирдарё", "Сирдарё-фарм" ва «Нукус» эркин иқтисодий зоналарини бошқаришни мақбуллаштиришга қаратилди – фойдаланилмаётган иқтисодий салоҳият ўрганилди, янги лойиҳавий таклифлар ишлаб чиқилди ва амалга ошириш учун тайёрланди ҳамда эркин иқтисодий зоналари ҳудудларидан тўлиқ фойдаланиш учун қўшимча юқори технологияли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди. Ушбу йўналишга Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаол равишда уланади – улар олдига таклиф этилаётган лойиҳаларга салоҳиятли хорижий инвесторларни жалб қилиш вазифаси қўйилди. Тижорат банклари томонидан эса молиялаштириш манбаларини аниқлаш ва қўшма корхоналарни ташкил этиш учун маҳаллий ҳамкорларни танлаш бўйича тегишли ишлар олиб борилади.

Шунингдек, аниқ ташаббускорлар, молиялаштириш манбалари ва лойиҳаларни жойлаштириш жойларини аниқлаш мақсадида Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг алоҳида туманларини комплекс ривожлантириш дастурлари доирасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш ишлари олиб борилди.

Айни пайтда Сирдарё вилоятида етиштирилган пахтанинг 85 фоизи ва Қорақалпоғистон Республикасида - 90 фоизи қайта ишловчи 11 та пахта кластерлари ҳамда икки ҳудудда 507 та фермер хўжаликларини қамраб олган 16 та мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш кластерларининг фаолияти батафсил кўриб чиқилди.Мавжуд кластерларнинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва қўшимча иш ўринларини ташкил этиш учун янги инвестицион таклифлар тайёрланди.

Комиссия ишининг якунида Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси тадбиркорлари ва экспортчиларини қўллаб-қувватлаш учун вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари, тижорат банклари ва чет элдаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари сифатида масъул ижрочилар, аниқ ижро муддатлари ва кутилаётган натижалар кўрсатилган манзилли чора-тадбирлар дастурлари шакллантирилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net