Божхона постларида экспорт-импорт амалиётлари сони ортмоқда

20.05.2020 10:28

ТОШКЕНТ, 20 май. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз божхона постларида экспорт ва импорт юкларини тезкорлик билан ўтказиш, узлуксиз божхона расмийлаштирувларини амалга ошириш изчил олиб борилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Давлат божхона қўмитаси манбасига асосланиб.

Хусусан, Бухоро вилояти божхона бошқармаси «Олот» чегара божхона постида кун-у тун экспорт ва импорт расмийлаштирувига алоҳида эътибор қаратилган. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Бухоро вилоятида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар томонидан жорий йилнинг 4 ойи давомида хорижий давлатларга 67,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги товарлар экспорт қилинган бўлиб, вилоят божхоначилари томонидан жами 1 минг 683 та божхона юк декларациялари экспорт божхона режимига қисқа муддатларда расмийлаштирилиб берилди.

Бунда товарларнинг экспорт ва импорт расмийлаштирув жараёнларини тезлаштириш, чегарада ҳаракатланаётган юклар ҳақида олдиндан маълумот олиш, юклар чегарада туриб қолмаслигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари ҳам экспорт-импорт амалиётларининг жадаллик билан давом эттирилиши учун амалий ёрдам кўрсатмоқда. Жорий йил бошидан 15 май кунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси орқали қиймати 123 миллион АҚШ долларига яқин 183,2 минг тонна маҳсулот экспорти амалга оширилган. Бу кўрсаткич ҳудуд ташқи савдо айланмасининг қарийб 71 фоизини ташкил қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси экспорт салоҳиятини полиэтилен, ип-калава, артемия тухуми (цистаси), кальцинирланган сода, қизилмия илдизи ва тери каби ўзига хос ноёб маҳсулотлар ташкил этади.

2020 йил 15 майга қадар Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг «Гулистон», «Сайхун» ва «Ховос» ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан эса 4 минг 651 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилган.

?мпорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар ҳажми 132,6 миллион АҚШ долларини ҳамда экспорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар ҳажми 35,9 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Экспорт товарларининг асосий қисми мева ва сабзавотлар, пахта толаси, озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик маҳсулотлари, жун, мўйна, тери ва улардан ясалган буюмлар, калава ип, фармацевтика маҳсулотлари, ҳайвонлар учун озуқалар ва керамика буюмларидан иборат.

Вилоятдан жами 21 та хорижий давлатга маҳсулот экспорт қилинган бўлиб, товарларнинг катта улуши Қозоғистон, Афғонистон, Бангладеш, Россия, Хитой ва  Туркия давлатлари ҳиссасига тўғри келади.

Бошқарма томонидан 2020 йилнинг 15 май кунига қадар 61,3 миллиард сўмлик божхона тўловлари ундирилган ва импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 242,2 миллиард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоиз, бугунги карантин ҳолатига қарамасдан божхона органлари томонидан тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилиб, экспорт-импорт амалиётларининг тўхтовсиз давом этишига эришилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net