Бавария Ўзбекистонда саноат кластерлари ривожланишини қўллаб-қувватлашга тайёр

24.08.2020 11:10

БEРЛ?Н, 24 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Набижон Қосимов Бавария федерал ҳудуди иқтисодиёт, минтақавий ривожланиш ва энергетика вазирлигининг давлат котиби Роланд Вайгерт билан онлайн музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Музокараларда томонлар коронавирус пандемияси шароитида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва турли соҳаларда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Таъкидлаш жоиз, 13 миллиондан ортиқ аҳолига эга Бавария Германиянинг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган минтақаларидан бири ҳисобланади. Бавариянинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 633 миллиард еврони ташкил этади. Бу кўрсатгич Европа ?ттифоқига аъзо кўплаб давлатларникидан юқори. Ушбу федерал штат саноати ҳиссасига Германияда ишлаб чиқарилган барча самолётлар ва аэрокосмик технологияларнинг ярми, тўқимачилик маҳсулотларининг 43 фоизи, электроника маҳсулотларининг 27 фоизи, машинасозликнинг 18 фоизи, металлургия маҳсулотларининг 12 фоизи тўғри келади.

Ҳозирги кунда Бавариянинг 133 та компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқда. Уларнинг 17 таси республикада ўз ваколатхоналарига эга. Жумладан, 6 та филиал ва 9 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, Германиянинг ушбу минтақасидаги «Bionorica SE», «HORN Glass Industries AG», «Knauf International GmbH», «MAN Truck&Bus SE», «Linde AG», «Protec Automation GmbH», «SAP SE», «Siemens Energy», «Falk-Porsche-Technik GmbH», «Roland Berger GmbH» ва бошқалар  Ўзбекистон бозорида бир неча йилдан буён иштирок этиб келмоқда.

Роланд Вайгертга кўра, кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон Бавария компаниялари учун тобора жозибадор мамлакатга айланмоқда. Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришдан манфаатдор бўлган Бавария бизнесини қўллаб-қувватлаш учун федерал давлат ҳукумати қатор махсус тадбирларни режалаштирган, аммо коронавирус пандемияси туфайли уларнинг аксарияти кейинга қолдирилди.

Жумладан, шу йилнинг май ойида Мюнхен шаҳрида «Марказий Осиё иқтисодий форуми» ўтказилиши режалаштирилган эди. Унда иштирок этиш учун маҳаллий тадбиркорлар катта қизиқиш билдирди. Шунингдек, ишбилармон делегацияларнинг Ўзбекистон билан Баварияга ўзаро ташрифларини амалга ошириш белгиланганди.

Бавария томони Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдорлигини ва турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтиб ўтди. Роланд Вайгерт, шунингдек, Бавария ҳукумати карантин чекловлари туфайли илгари бекор қилинган қўшма тадбирларни вазият яхшилангач амалга ошириш ниятида эканини қайд этди.

Бавария компаниялари ва молиявий институтлари иштирокида Ўзбекистонда саноат кластерлари ва саноат паркларини ривожлантириш истиқболлари музокараларнинг алоҳида мавзусига айланди. Шу билан бирга, ишбилармон доиралар, илмий ва таълим муассасалари вакилларини бирлаштирган кластер тизими кўп жиҳатдан Бавария бизнесининг муваффақият калити бўлгани таъкидланди.

?қтисодиёт ва академия ўртасидаги бундай яқин ҳамкорлик Бавария компаниялари ахборот ва коммуникация технологиялари, фармацевтика, тиббий технологиялар, биотехнология, экологик технологиялар, кимё, авиация ва автомобилсозлик, робототехника ва бошқа соҳаларда маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ўринларни эгаллашига хизмат қилмоқда.

Хусусан, ҳозирги кунда Баварияда 17 та технологик кластер муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Энг муваффақиятли лойиҳалардан бири — Мюнхендаги «BioRegioMunich» биотехнология кластеридир. Унинг таркибига 300 та ташкилот, шу жумладан 166 та кичик ва ўрта корхона, 35 та йирик биотехнологик компания, 34 та фармацевтика компанияси, 58 та илмий-тадқиқот ташкилоти киради. Кластер ходимларнинг умумий сони 25 минг кишини ташкил этади.

Роланд Вайгерт Ўзбекистоннинг кластерларни ривожлантириш истагини олқишлаб, Бавария компаниялари саноат парклари ва кластерларни ташкил этиш ҳамда бошқариш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёрлигини тасдиқлади.

Шунингдек, жаҳон бозорида талаб катта бўлган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган Ўзбекистон корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирилди.

Самимий ва дўстона руҳда кечган мулоқотда экспортни ривожлантириш масалалари билан шуғулланувчи Ўзбекистон ва Бавариянинг тегишли ташкилотлари ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ахборот технологиялари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари, хусусан, ихтисослаштирилган ўқув муассасалари ўртасида тренингларни ташкил этиш ва стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида яқин келажакда қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш ва келишиш мақсадида Ўзбекистон – Бавариянинг манфаатдор институтлари ва компаниялари иштирокида мунтазам видеоконференциялар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net