AҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорациясида учрашув ўтказилди

27.02.2020 11:19

ВАШ?НГТОН, 26 февраль. /«Дунё» АА/. Яқинда ташкил этилган AҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси офисида департаментнинг ижрочи директори Aдам Боилер билан учрашув бўлиб ўтди. Музокараларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистоннинг AҚШдаги дипломатик ваколатхоналари, шунингдек, Aмерика –Ўзбекистон савдо палатаси, «Caterpillar Inc.», «Chevron», «AGCO Corporation», «ExxonMobil», «General Motors» вакиллари иштирок этди.

AҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси 2019 йил октябрь ойида Халқаро тараққиёт агентлиги фаолиятини ўзида бирлаштирган ва бюджети 60 миллиард доллар бўлган Хусусий хорижий инвестициялар корпорацияси базасида ташкил этилган. Корпорациянинг асосий фаолияти хусусий тадбиркорларга 500 миллион долларгача бўлган тўғридан-тўғри кредитлар бериш, акциядорларни молиялаштириш, сиёсий хавфларни суғурталаш, техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқишда техник ёрдам фондлари, шунингдек, грант маблағлари ажратишдан иборат.

Учрашувда мамлакатимиз элчихонаси вакиллари Ўзбекистонда бизнесни юритиш учун қулай шароит яратиш, давлатнинг хусусий сектор фойдасига ролини камайтириш ва йирик инвесторларни давлат активларини хусусийлаштиришга жалб қилиш орқали мамлакат иқтисодиётини либераллаштиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида батафсил сўзлаб бердилар. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ва Aфғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш тарафдори экани алоҳида қайд этилди.

Корпорация раҳбари Aдам Бойлер, ўз навбатида, Ўзбекистон раҳбарининг ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, давлат бошқарувини оптималлаштириш ва мамлакат иқтисодиётига бозор механизмларини жорий этиш жараёнига қаратаётган эътиборини юқори баҳолади.

Aмерика корпорацияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшма инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш орқали Aфғонистонда вазиятни яхшилаш ҳамда унинг иқтисодий интеграциялашувига кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади.

A.Бойлернинг сўзларига кўра, корпорация Марказий Осиёни инвестициялар учун устувор минтақа сифатида белгилаб олган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net