АҚШ Ўзбекистонга коронавирусни эрта аниқлайдиган ускуналар тақдим қилди

30.07.2020 14:16

ТОШКЕНТ, 30 июль. /«Дунё» АА/. АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва профилактикаси марказлари (CDC) Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қиймати 902 минг долларга тенг тиббиёт воситалари ва лаборатория жиҳозларини беғараз асосда тақдим қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири АҚШ элчихонаси манбасига асосланиб.

Тақдим этилган воситалар замонавий полимераз занжир реакцияси ускуналаридан фойдаланган ҳолда 25 мингта COVID-19 ни аниқлаш учун тестлар ўтказишга имкон беради. Ушбу технология одам организмида вирусли ДНК мавжудлигини касаллик белгилари пайдо бўлишидан аввал аниқлайди, бу эса соғлиқни сақлаш муассасаларига беморни жуда эрта “изоляция” қилиш ҳамда пандемияни тугатиш учун муҳим бўлган юқиш занжирини узишга имкон беради.

— COVID-19 пандемияси биз учун умумий душман ва умумий жавобгарликдир. Ушбу ёрдам АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистон жамоатчилиги соғлиғини сақлаш йўлидаги таҳдидларга қарши курашда кўмак беришга содиқлиги белгисидир, — деди АҚШ муваққат ишлар вакили Алан Мельцер. — Ушбу шериклик эпидемия бошланишидан анча олдин бошланган ва у тугаганидан кейин ҳам давом этади. Мазкур ёрдам Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигини коронавирусга қарши курашда қўллаб-қувватлаш учун CDC эълон қилган 2,07 миллион долларнинг бир қисми ҳисобланади. Касаллик авж олар экан, CDC Ўзбекистонга шошилинч тиббий ёрдам марказлари ташкил этиш, чегарадан ўтиш жойларида тиббий кўрикни яхшилаш, клиник ва лаборатория назорати, маълумотлар устида ишлаш ва мулоқотлар занжири кузатуви бўйича онлайн маслаҳатлар ҳам бериб борди.

АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали коронавирусга қарши кураш учун тиббий, лаборатория ва техник кўмак сифатида яна қўшимча 4,2 миллион долларга яқин маблағ тақдим этди. Бугунги кунгача АҚШнинг бу борада Ўзбекистонга кўрсатган умумий ёрдами 6 миллион доллардан ошди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net