АҚШ Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилади

19.07.2020 09:37

ВАШ?НГТОН, 19 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан мамлакатимиз Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбариятининг АҚШ Савдо вазирлиги, Давлат департаменти, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) вакиллари билан кенгайтирилган онлайн учрашуви ташкил қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқотда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Алишер Шукуров қулай агробизнес иқлими ва қиймат занжири яратиш, соҳада давлатнинг ролини камайтириш, шунингдек, илмий ютуқлар ва рақамли технологияларни қўллаш, хорижий шериклар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида 2019 йил октябрда қабул қилинган Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ҳақида батафсил маълумот берди.

Мамлакатимизда соҳада меҳнат унумдорлигини сезиларли даражада – 2030 йилга қадар 60 фоизга ошириш, қишлоқ хўжалиги экспортини 23 миллиард долларга етказиш ва 1 миллион гектар ер майдонида замонавий сув тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида аҳамият берилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон ўз мақсадларига эришиш учун халқаро эксперт ва хорижий молиявий манбаларни фаол жалб қилмоқда. Ҳозирги вақтда 15 етакчи хорижий ва маҳаллий мутахассислар билан амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг 500 миллион доллардан ортиқ донор ва кредит маблағларини ўзлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Элчихонамиз маълумотига кўра, АҚШ ҳукумат идоралари вакиллари агросаноат мажмуасида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳақидаги маълумотни катта қизиқиш билан тинглашди. Ўзбекистонда аграр стратегияни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканликларини билдиришди. Улар агротехника соҳасида Америка технологияларидан фойдаланиш, икки мамлакат қишлоқ хўжалиги компаниялари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш, АҚШ университетларининг илмий салоҳиятидан фойдаланиш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.

?қтисодиётимизнинг аграр соҳаларида ишлаш учун маҳаллий кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш муҳокамаларнинг алоҳида мавзуси бўлди. Хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини очиш, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини кучайтириш бугунги шиддатли рақобат шароитида малакали кадрларга бўлган талабни ошириши таъкидланди.

Шу муносабат билан Американинг етакчи университетлари билан истиқболда уларни Ўзбекистонга жалб қилиш учун мақсадли учрашувларни ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди. АҚШ ҳукумати вакилларининг сўзларига кўра, ушбу йўналиш қишлоқ хўжалиги соҳасида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришда устувор вазифалардан бирига айланади.

Хусусан, Америка томони Ўзбекистоннинг ихтисослашган олий ўқув юртларининг Огаё, Миссисипи, Мичиган каби давлат ва Алкорн университети билан ҳамкорликнинг кенгайтиришини мамнуният билан қайд этди.

Таъкидлаш жоиз, элчихона кўмагида 2017 йилдан бошлаб Тошкент давлат аграр университети ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан америкалик шериклар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди ва бугунги кунда фаол ривожланмоқда.

1870 йилда ташкил этилган Огаё университети қишлоқ хўжалигига ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш бўйича етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, ҳар йили 60 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади, турли тадқиқотлар учун 1 миллиард долларга яқин маблағ ажратилади.

Шунингдек, Миссисипи қишлоқ хўжалиги ва амалий фанлар давлат университети Шимолий Америкадаги нуфузли қишлоқ хўжалиги институтларидан бири. Ушбу университетнинг 20 мингдан ортиқ талабаси дарсларни университетнинг турли тадқиқот ва тажриба далаларида олиб боради.

Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган АҚШнинг энг йирик университетларидан бири бу 1855 йилда мамлакатнинг биринчи қишлоқ хўжалиги университетларидан бири сифатида ташкил этилган Мичиган университетидир. Ушбу таълим даргоҳининг 634 мингдан ортиқ битирувчиси сайёрамизнинг турли минтақаларида фаолият юритмоқда. Университетнинг ўзи АҚШнинг энг йирик 10 та университети рўйхатига киради.

АҚШ Савдо вазирлигининг тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури мувофиқлаштирувчиси Майкл Кофилд ўз нутқида Ўзбекистон томонидан қабул қилинган агросаноат мажмуасини ривожлантиришнинг ўн йиллик стратегияси муҳим ҳужжат бўлиб, республиканинг мақсад ва эҳтиёжларини аниқ белгилаб беради. Унинг сўзларига кўра, мамлакатимиз улкан режаларни амалга ошириш учун барча зарур ресурсларга эга ва бошланган ислоҳотлардан сезиларли ютуқларга эришиши мумкин.

Савдо вазирлигининг агробизнесни ривожлантириш бўйича мутахассиси Андреа Бертон эса Ўзбекистоннинг АҚШдаги етакчи корхоналар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишдан манфаатдорлигини қўллаб-қувватлади. Яқин келажакда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш учун қатор бизнес учрашувларини ташкил қилишни бошлашини билдирди.

Глобал агробизнесни ривожлантириш дастури директори Грег Томсон Ўзбекистон илғор Америка тажрибаси ва технологияларини жорий этиш учун ноёб майдон эканини таъкидлади. Эксперт таъкидлаганидек, унинг ташкилоти Марказий Осиё минтақасида долзарб бўлган чекланган сув ресурсларидан самарали фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни бошлашга тайёр. Унинг фикрича, Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатда суғориш тизимини яхшилашга қаратаётган эътибор ҳосилдорликнинг ўсиши ва барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим босқичдир.

Музокаралар якунида томонлар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияни амалга ошириш доирасида мамлакатимиз аграр секторининг аниқ йўналишлари кесимида мунтазам учрашувлар ўтказишга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net