Афинада ўзбек ҳунармандлари маҳсулотлари савдо уйи очилди

16.07.2020 11:27

АФ?НА, 16 июль. /Дунё» АА/. Грецияда мамлакатимизнинг Афинадаги Бош консулхонаси томонидан Ўзбекистон «Ҳунарманд» уюшмаси кўмагида  ташкил этилган ўзбек ҳунармандлари маҳсулотлари савдо уйининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда  «Дунё» мухбири.

Тадбирда 500 дан ортиқ, жумладан, Греция ҳукумати ва парламенти вакиллари, таниқли давлат ва жамоат арбоблари, шунингдек, Грециядаги ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.

Савдо уйи Грециянинг «Craftence» компанияси билан ҳамкорликда қурилган ва Афина шаҳрининг аҳоли энг зич жойлашган ҳудудларидан  бири Каллифеяда жойлашган. Риштондаги «Mohi Diyor Roshidon» оилавий корхонаси савдо уйи ҳамкори ҳисобланади.

«Mohi Diyor Roshidon» қўшма корхонаси шартнома асосида Грецияга  аллақачон 6 минг 800 дона сопол буюмлар (ликопчалар тўпламлари, сувенирлар, вазалар, кўзалар ва бошқа маҳсулотлар) етказиб берган.

Афинадаги дипломатик ваколатхонанинг ёрдами билан www.craftence.com интернет-дўкони яратилди, у орқали ўзбекистонлик ҳунармандлар маҳсулотларига буюртма бериш мумкин.

Расмий очилиш маросимида грециялик меҳмонлар учун Риштондан келтирилган сопол буюмлар савдоси ташкил этилди. Риштон кулолчилиги маҳсулотлари грек харидорларида алоҳида қизиқиш уйғотди.

Очилиш маросимида, шунингдек, мамлакатимизнинг Афинадаги Бош консули Олимжон Қосимов Ўзбекистондаги ҳунармандчилик санъати тарихи ҳақида сўзлаб берди. Риштон шаҳри Фарғона водийсидаги тарихий шаҳарлардан бири бўлиб, у қадим замонлардан буён Марказий Осиёда ноёб сирланган сопол буюмлар ишлаб чиқарадиган йирик марказлардан бири бўлгани таъкидланди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда амалий санъатнинг давлат даражасида қўллаб-қувватланишига алоҳида аҳамият берилади. Республикада ҳунармандчилик янада ривожлантирилиб, ҳунармандлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Грекция-Евроосиё альянси президенти Ксенофон Ламбракис Риштонда сопол буюмларни яратиш учун ноёб технологиялар бундан минг йиллар аввал яратилганига эътибор қаратди.

— Риштонлик кулоллари ўзларини ушбу санъат асосчиларининг авлодлари ва қадимги урф-одатлар давомчилари, деб билишади. Риштон кулолчилиги юқори технологик ва бадиий ўзига хослиги билан ажралиб туради. Айнан шу сопол бугун диди нозик грек жамоатчилигига тақдим қилинмоқда, — деди Ксенофон Ламбракис.

Греция Маданият вазирлиги вакили Павлос Христу Ўзбекистон – Греция муносабатларидаги ижобий ўсишни қайд этди.

— Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида иқтисодиёт ва маданият соҳаларидаги алоқалар сезиларли даражада ривожланди, — деди Греция Маданият вазирлиги вакили. — Бугунги тадбирни ташкиллаштириш учун ҳаракат қилган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва «Ҳунармандлар» уюшмасига алоҳида миннатдорлик билдираман. Ўзбекистон ҳунармандларининг савдо уйида тақдим қилган кулолчилик ва тўқимачилик буюмлари мисолида Ўзбекистоннинг ҳақиқий тарихи ва унинг барча улуғворлигини кўришимиз мумкин. Бундай ўзбек маҳсулотларининг экспорти Греция бозорини тўлдираётганидан мамнунмиз. Биз Ўзбекистоннинг ушбу  ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Асосий инвестор, «ADN Capital Ventures, Inc.»  компанияси президенти, сўнгги 10 йил давомида Калифорнияда (АҚШ) яшаган Адам Николопулоснинг айтишича, компаниясининг асосий фаолияти молия, шаҳар инфратузилмаси, аэропортларни қуриш ва бошқаришга қаратилган.

— Бугун ажойиб ҳунармандчилик буюмларини кўрдим, ростини айтсам, бу гўзалликка ошиқ бўлиб қолдим, — деди компания раҳбари. — Бу улуғворлик мамлакатнинг ҳақиқий маданиятини акс эттиради. Мен Ўзбекистон гўзал мамлакат эканини биламан! Шу боис республикага ташриф буюриб, ўзбекистонлик шериклар билан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб боришга қарор қилдим.

Черногория ва Шимолий Македония маликаси  Хара Донтсиу Афинада Ўзбекистон маҳсулотларини кўриб бениҳоя мамнун бўлганини таъкидлади.

— Мен Ўзбекистон ҳунармандларининг ноёб санъат асарларини намойиш этадиган ҳунармандлар савдо уйи очилиш маросимига Черногориядан етиб келдим, — дейди малика. — Энди бу ерга ташриф буюрган ҳар бир европалик ҳунармандлар ижод намуналари билан шахсан танишиши мумкин. Кўргазма экспонатлари ўзининг ноёблиги билан ажралиб турадиган кулолчилик буюмларидан иборат бўлиб, улар ўзида Ўзбекистон тарихи, бугуни, санъатини акс эттиради. Мен Ўзбекистонга ташриф буюриб, Ўзбекистон билан Черногория ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатиш ниятидаман.

Ўз навбатида, Греция ҳунармандлар жамияти президенти Фрини Янноулу «Савдо уйининг очилиши тарихий воқеа, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, маданий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдорлик белгиси», дея қайд этди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net