2022-2026 йилларда 100 минг ўринли талабалар турар жойлари барпо этилади

12.01.2022 11:39

ТОШКЕНТ, 10 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони лойиҳасида  олий таълим тизимини  тубдан ислоҳ қилиш,  давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари  сонини ошириш  бўйича қатор таклифлар  назарда тутилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Хусусан,  2022-2026 йилларда олий таълимга қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш таклиф этилмоқда.

Унга кўра, 2022 йилда кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида қабул параметрлари оширилади,  ёшларни олий таълим билан қамров даражаси эса 38 фоизга етказилади.

Тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини олий таълим муассасалари томонидан мустақил белгилаш тартибини жорий   режалаштирилмоқда.

2026 йилга бориб эса  қабул кўрсаткичи камида 250 мингга етказилади. Давлат олий таълим муассасаларига академик ва молиявий мустақиллик бериш, шу жумладан улар томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов-контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилаш амалиёти йўлга қўйилади.

Давлат олий таълим муассасаларининг тегишли ҳуқуқ ва ваколатлари аниқ белгиланади.

Лойиҳада, шунингдек, 2026 йилга қадар 10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини QS ва THE халқаро рейтингларига киришга мақсадли тайёрлаш вазифлари қайд этилган.

Унга кўра, олий таълим муассасаларини QS ва THE халқаро рейтингларига кириши учун мақсадли дастурни ишлаб чиқиш,  10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини танлаш, салоҳияти ва ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, халқаро рейтингларга киритиш бўйича 5 йилга мўлжалланган мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифалари белгиланмоқда.

Талабаларни яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида  ушбу муддатда қарийб 100 минг ўринли талабалар турар жойлари барпо этилади.

Талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик асосида барпо этишда лойиҳаларни молиялаштиришнинг мақбул усулларини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.

Ушбу вазифалар доирасида 2022 йилда 18 минг 800 ўринли 47 та турар жойлар барпо этилади.

2026 йилга қадар 72 минг 400 ўринли 181 та талабалар турар жойларини барпо этиш натижасида талабаларни ётоқхона билан таъминлаш даражасини 60 фоиздан оширилади.

Бундан ташқари, 2026 йилгача нодавлат олий таълим ташкилотлари сонини камида 50 тага, жами олий таълим муассасалари сонини 200 тага етказиш режалаштирилган.

Ҳар бир ҳудудда олий таълимга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, камида 1 тадан нодавлат олий таълим ташкилоти ташкил этилади.

2022 йилда Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида камида 1 тадан нодавлат олий таълим ташкилотини ташкил этиш орқали уларнинг жами сони 34 тага етказилади.

Қорақалпоғистонда 5 та нуфузли маҳаллий ва хорижий олийгоҳларнинг филиаллари ҳамда Тошкент вилоятида 5 минг нафар талабага мўлжалланган Нурафшон давлат университети ташкил этилади.

Андижон вилоятида 4 та хусусий олий билим юрти ташкил қилиш орқали  ҳудуддаги ёшларни олий таълим билан қамровини 23 фоиздан 50 фоизга, Наманганда келгуси 5 йилда 7 та олий таълим маскани ташкил этилиб, жами олий ўқув юртлари сонини 10 тага етказиш мўлжалланмоқда.

Фармон лойиҳасида Самарқанд шаҳрида 20 минг нафар талабага мўлжалланган «Ёшлар шаҳарчаси»ни барпо этиш ва унда камида 4 та хорижий университетнинг филиал ва кампусларини жойлаштириш қайд этилган. Хорижий давлатларнинг етакчи техника университетлари билан биргаликда Самарқанд технология университети ташкил этилади.

Урганч давлат университети қошида Муҳаммад Хоразмий номидаги халқаро математика маркази ва жамғармаси, Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч филиали ва унинг қошида Урганч бошланғич рақс санъати мактаб-интернатини ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

2026 йилга қадар республика ҳудудларида камида 1 тадан нодавлат олий таълим ташкилотларини ташкил этиш орқали уларнинг сони 50 тага етказилади.

Шунингдек, лойиҳада «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали эркин ва ижодий фикрлайдиган ёшларни нуфузли хорижий олий билим юртларига ўқишга юбориш кўламини 2 бараварга ошириш вазифалари режалаштирилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net