2021 йил август ойида Навоий вилоятида биринчи қуёш электр станцияси ишга туширилади

24.12.2020 14:52

ТОШКЕНТ, 24 декабрь. /«Дунё» АА/.  Ўзбекистон ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида 22 декабрь куни видеоконференция шаклида Навоий вилоятида қуёш электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида қиймати 100 миллион доллардан ортиқ кредит битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Вазирлик маълумотига кўра, “Masdar” компанияси (БАА) Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банкларидан қарз олиб, мазкур лойиҳани амалга оширади.

Амирликлар компанияси қуёш электр станциясини қуриш ва ундан фойдаланиш учун хорижий инвесторни танлаш бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи марта ўтказилган кимошди савдосининг ғолиби бўлди. “Masdar” компанияси бир кВт.с учун 2,67 АҚШ центи миқдорида дунёда энг паст тарифлардан бирини таклиф қилди. 2019 йилнинг ноябрида ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан имзоланган инвестициявий битимга кўра, “Masdar” компанияси ўз зиммасига қуёш электр станциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ҳамда 25 йил давомида ундан фойдаланиш бўйича мажбуриятларни олган эди.

Қуёш электр станцияси 2021 йилнинг август ойида ишга туширилади.

Лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат энергия балансини диверсификация қилиш, жумладан, 2030 йилга бориб республикада қуёш энергетикаси иншоотларининг умумий қувватини 5 ГВтга етказишга йўналтирилган дастурнинг бир қисмидир.

«Masdar» компанияси лойиҳага 100 миллион доллардан ортиқ миқдорда тўғридан-тўғри инвестициялар киритади ва қурилиш босқичида 150 та иш ўрни яратади. Қуёш электр станциясининг ишга туширилиши эса йилига 260 миллион кВт.с миқдорида электр энергиясини ишлаб чиқаришни таъминлайди.

Қайта тикланадиган энергия манбаларининг жорий этилиши электр энергиясини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган табиий газ ҳажмини (йилига 175 млн куб метргача) камайтиришга, шунингдек, атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид чиқиндиларини сезиларли даражада камайтиришга ёрдам беради (йилига 1,1 млн тоннагача).

«Masdar» компанияси Абу-Даби ҳукуматининг «Mubadala Investment Company»нинг шўъба корхонаси ва дунёнинг қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқарувчи етакчи халқаро компанияларидан биридир. Компания томонидан амалга оширилган инвестициявий лойиҳалар портфели қайта тикланадиган манбалардан қуввати 4000 МВтдан ортиқ электр энергиясини ишлаб чиқарадиган иншоотларни ўз ичига олади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net