?нсон ҳуқуқлари – олий қадрият

13.08.2020 17:21

ТОШКЕНТ, 12 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, давлат органлари, мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъул эканликлари белгиланган. ?нсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият деб эълон қилинган.

Мамлакатимизда сўнгги уч йилда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида томонлар тортишув тамойили қўлланилишини янада кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартлар, илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган қатор меъёрий-ҳужжатлар қабул қилинди.

Жорий йилнинг 10 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада таъминлаш ва жиноят ишларини тергов қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ваколатларини аниқ белгилаш мақсадида “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатнинг бош мақсади – мамлакатимизда жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда яхшилаш, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилларини рўёбга чиқаришдан иборат. Жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштириш, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга оширишга қаратилган.

Фармонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар назарда тутилган.

Унда шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий қилиш, шунингдек, бундай қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш зарурлиги кўрсатилган.

Шунингдек, жиноят ишларини тергов қилиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишнинг долзарб аҳамият касб этиши инобатга олиниб, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, қолаверса, кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари белгиланган.

Жиноятчиликнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш жиноятлар келиб чиқишини бартараф этишга имкон беради. Шу боис фармонда бунинг учун зарур шароитни яратиш, жиноятларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, фуқаролар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларда қонунга итоаткорлик руҳини шакллантириш механизмини жорий қилиш бугунги кун талаби экани яна бир бор мустаҳкамланди.

Фармонга кўра, ушланган шахснинг ҳуқуқлари поймол бўлишининг олдини олиш мақсадида ушлаб туриш муддатини жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилган вақтдан бошлаб эмас, балки шахс ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш, ҳамда амалда ушланган ёки уни жиноят устида ушлаш билан боғлиқ тезкор тадбир амалда якунланган ёхуд гумон қилинувчи деб эътироф этилгани ҳақидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни ўтказишдан олдин унинг адвокат билан холи учрашиши таъминланиши шартлигини белгилаш ҳақидаги қоида назарда тутилмоқда.

Ўта оғир жиноят содир этганликда айбланаётган шахсларга оид жиноят иши бўйича, шунингдек, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳолатларида ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги белгиланди.

Судга қадар иш юритиш даврида инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш борасида, ушланган айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаса, уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш тақиқланмоқда. Шу билан бирга, шахсни жиноят ишида айбланувчи сифатида жалб қилиш учун реал асослар мавжуд бўлган ҳолларда уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, процессуал ҳуқуқларини тушунтирмасдан туриб, ундан бирор ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш ман этилди.

Халқимизнинг олийжаноблик, кенг феъллик, кечиримлилик сифатлари инсон табиатидаги олий мезондир. Фармонда айни жиҳатлар яна бир бор ўз аксини топди: айбига иқрорлик бўйича келишув институти жорий этилиб, бунда айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлганда унга нисбатан Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ва (ёки) муддатигача жазо тайинланиши ҳам мустаҳкамланиб қўйилди. Жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган ҳолларда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилиши ҳам белгиланди.

Шу билан бирга, ярашув институтини қўллаш механизми такомиллаштирилиб, шахсга нисбатан тергов даврида эълон қилинган айблов жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганидан қатъи назар ярашув институти доирасига тушадиган енгилроқ моддага қайта малакаланган ҳолларда ярашув институтини қўллаш ҳамда оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашгани муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилмаслигига оид қоида вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ва эҳтиётсизлик ортидан жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмаслиги имконияти яратилди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон мамлакатимизда суд-тергов фаолиятида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

 

Олим Ҳайитов,

Жиноят ишлари бўйича

Самарқанд вилоят суди раиси

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net