?мом Бухорий мажмуаси қайта реконструция қилинади

15.02.2021 10:37

САМАРҚАНД, 15 февраль. /«Дунё» АА/.  ?мом Бухорий мажмуасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари, Самарқанд вилояти жамоатчилиги вакиллари ва оқсоқоллар иштирокида лойиҳани амалга ошириш олдидан тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда  «Дунё» АА мухбири.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги маълумотига кўра, тадбирда ?мом Бухорий мажмуасини қайта реконструция қилиш лойиҳаси ҳақида жамоатчиликка батафсил маълумот берилди.

Аввал хабар қилинганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни Самарқанднинг туризм салоҳияти, шу жумладан, зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича лойиҳалар билан танишди.

 Мазкур тақдимот чоғида ислом оламидаги энг муқаддас қадамжолардан бири – ?мом Бухорий мажмуаси ва унинг атрофида амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари ушбу зиёратгоҳда олиб борилиши режалаштирилган лойиҳа бўйича яна бир бор ўз тавсияларини билдириб, мутасаддиларга зарур топшириқлар берган эди.

Мажмуадаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари жараёнида ?мом Бухорий мақбараси ҳозирги кўриниши сақланган ҳолда реконструкция қилинади. Шу пайтгача мақбара остидаги қабрни зиёрат қилиш учун етарли шароит мавжуд эмас эди. Янги лойиҳада қабр атрофини кенгайтириб зиёратчилар учун ҳар томонлама қулайлик яратиш кўзда тутилган.  

Саккиз минг ўринли муҳташам масжид қурилади. Мажмуа атрофида тўртта улкан минора қад ростлайди. Халқимизга хос турмуш тарзидан келиб чиқиб, ҳозирги айвонларга қўшимча равишда ички ва ташқи айвонлар барпо этилади.  

Маҳаллий ва хорижлик зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида замонавий меҳмонхоналар, халқаро андозаларга тўла мос келадиган маиший хизмат ва санитария-гигиена шохобчалари қурилади.

Яна бир эътиборли томони, мажмуада қурилиш-бунёдкорлик ишлари жараёнида бу ердаги тарихий булоқ ва бир неча юз йиллик чинор дарахтларига зиён етказилмайди. Уларни асраб-авайлаш, ўз ҳолида сақлаш учун барча зарур чоралар кўрилади.

Мажмуада амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик ишлари махсус ташкил этилган жамғарма маблағлари ҳисобидан ташкил этилади.

Мулоқот чоғида мазкур муқаддас қадамжони нафақат халқимиз, балки дунё аҳли келиб, зиёрат қиладиган масканга айлантиришга давлатимиз раҳбари доимий равишда алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидланди.  

Жамоатчилик вакиллари Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бу хайрли иш заминимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг илмий-маънавий меросидан дунё аҳлини баҳраманд этиш, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилишини ва бу савобли ишга халқимиз ҳам фаол иштирок этишини билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net