НУКУС, 4 март. /«Дунё» АА/. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов 4 март куни Нидерландиянинг «Lumidea Engineering BV» компанияси директори Эшреф Озсахин билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Жўқорғи Кенгес манбасига таяниб.
Учрашувда Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов меҳмонни қутлаб, Президентимиз раҳбарлигида юртимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, шу тариқа, иқтисодий салоҳиятни ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўзлаб берди. Ўзбекистон билан Нидерландия ўртасида савдо-иқтисодий, инвестиция, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик лойиҳалари ўз самарасини бераётганини таъкидлади.
Ўз навбатида, меҳмон самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва бу ерда хорижий тадбиркорлар, инвесторлар учун яратилган шароитга юқори баҳо берди. «Lumidea Engineering BV» компанияси томонидан Нукус шаҳри инфратузилмасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширишдаги режалар ҳақида маълумот берди.
Мулоқот чоғида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.