Битирувчилар мустақил ҳаётга қадам қўйди

25.07.2022 18:01

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов битирувчиларни қутлаб, уларнинг келгуси ишларида омадлар тилади.

Жорий йилда университетни 12 та бакалавриат таълим йўналишида 791 нафар бакалавр, 10 та магистратура йўналишида 78 нафар магистр тамомлади.

– ?нсон учун энг катта бахт илм йўлида эришган ютуқларидир, – дейди битирувчи магистрант Фаризбек Турсунов. – Бугун биз каби битирувчилар учун ана шундай унутилмас дақиқалардан бири бўлмоқда. Устозлар қўлидан диплом олар эканман, уларнинг тилаклари менга далда бўлди. Келгусида кончилик соҳасидаги илмий фаолиятимни давом эттириб, соҳа тараққиётига ҳисса қўшишни мақсад қилганман.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 31 мартдаги “Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, 1995 йилда ташкил топган институт ўз фаолиятининг 27 йилига келиб университет мақомига эга бўлди.

Бугунги кунда университетда фаолият олиб бораётган 240 нафар профессор-ўқитувчининг 32 нафари фан доктори ва профессор, 93 нафари фан номзоди, фалсафа докторлари ва доцентлардан иборат бўлиб, илмий салоҳият 50,4 фоизни ташкил этади. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1 та докторлик (DSc) ва 23 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди.

– Битирувчиларнинг 650 нафари, яъни 75 фоизи Навоий кон металлургия комбинати тизимига ишга қабул қилинмоқда, – дейди университет Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Жамолиддин Назаров. – Қолган 219 нафари, яъни 25 фоизи Навоий вилояти ва республикамиздаги йирик корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилиши режалаштирилган.

 

2022/2023 ўқув йилида иш берувчи корхона ва ташкилотларнинг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 980 нафар, сиртқи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 1370 нафар абитуриент талабаликка, магистратура мутахассисликлари бўйича 104 нафар талабгор қабул қилиниши режалаштирилган.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net