III Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ғолиб ва совриндорлари тақдирланди

13.11.2021 10:58

ТОШКЕНТ, 13 ноябрь. /«Дунё» АА/. Кеча 8-12 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бадиий академияси, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатия ваколатхоналари, вазирликлар, идоралар ва  муассасалар ҳамкорлигида ўтказилган «Замонавий амалий санъат: декор ва услуб» номли III Тошкент халқаро амалий санъат биенналесининг якуний тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.  

III Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов,  Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нуриддинов  сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан  2017 йилдан бошлаб  ўтказиб келинаётган ушбу халқаро анжуман  халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятига замонавий амалий санъат асарларини намойиш этиш, бу борада халқаро тажриба алмашинувини йўлга қўйишда катта имкониятларни яратганини таъкидлади.

Жорий биеннале нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Буни тадбирда 18 хорижий давлат - Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Россия, Беларусь, Украина, Болгария, Франция, ?талия, Швеция, Австралия, Кения, Япония, Хитой, Покистон, Туркия, Ўмон, Эрон каби мамлакатлардан жами 64 нафар амалий санъат устаси қатнашгани тасдиқлайди. Хусусан  биеннале тадбирларида  республикамиздан 100 дан зиёд  амалий санъат устаси ўз ижодий ишлари билан қатнашди. Уларнинг ишлари маҳаллий ва халқаро иштирокчиларга ҳамда  ташриф буюрувчиларда катта таассурот қолдирди.

 Таъкидлаш жоизки, миллий анъаналарни асраб-авайлаш, замонавий амалий санъат намуналарини халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятига тақдим этиш, унутилиб бораётган халқ анъаналари ва замонавий амалий санъатда рўй бераётган долзарб жараёнларни ўрганиш орқали турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга оид Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси санъатнинг жамиятимиздаги ўрнини юксалтиришга хизмат қилди.

Озарбайжон миллий фанлар академияси санъат ва архитектура институти директори Эртегин Саломзода, Бутунроссия декоратив санъат музейи директори Елена Титова, ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё бўйича халқаро эксперти  Надежда Ждравкова каби нуфузли мутахассислардан иборат биеннале ҳакамлар ҳайъати  амалий санъат усталарининг ишларини баҳолаб борди.

 Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, 1-ўринга Зарафшон Шакардодова ва Дилмурод Шарипов (заргарлик, Тожикистон) сазовор бўлди. 2-ўринга Уболсин Дауленова  (намат, Қозоғистон) муносиб топилди. 3-ўринни ?рина Лебедева (қуроқ устаси, Россия) қўлга киритди.

Биеннале Бош соврини эса ўзбекистонлик кулол Абдувоҳид Каримовга насиб этди.

Бундан ташқари, етти нафар иштирокчи биенналенинг рағбатлантирувчи мукофотлари билан тақдирланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net