Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги беш йиллик ислоҳотларнинг натижалари мамлакатимиз жамоатчилиги ва халқаро ҳамжамиятга тақдим этилди

05.10.2021 13:32

ТОШКЕНТ, 5 октябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Тошкентда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оиширилган беш йиллик ислоҳотларнинг натижаларига бағишланган «Ўзбекистон: беш йил ичида жадал ислоҳотлар» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

«Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари олиб борилган ислоҳотлар натижаларига доир маърузаларни тақдим этди, фуқаролик жамияти вакиллари, маҳаллий ва халқаро экспертларнинг баҳолари ҳамда фикр-мулоҳазалари тингланди.

Конференцияни очар экан, Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича мамлакатнинг стратегик ҳужжати бўлганини қайд этди. Жорий йил мазкур стратегиянинг ҳаётга тадбиқ этилишида якуний давр ҳисобланади.

Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари:

- Давлат аппарати фаолиятининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган маъмурий ислоҳот бошланган ва давом этмоқда. Хусусан, 110 та самарасиз идоралараро орган тугатилди, 10 та янги вазирлик ва идора тузилди, давлатга тааллуқли 6 вазифа хусусий секторга ўтказилди. Давлат ва жамият ишлари бошқарилишида парламентнинг роли кучаймоқда. Ҳукумат соати институти жорий этилди, Олий Мажлис палаталари мунтазам равишда соғлиқни сақлаш, ташқи ишлар, ички ишлар, адлия вазирликлари ва ҳукуматнинг бошқа аъзолари ҳисоботларини тингламоқда. 2019 йил ҳар чоракда ҳукуматнинг давлат дастурларини амалга ошириш тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаш амалиётга жорий этилди.

Мелисса Флеминг, БМТ Бош котиби ўринбосари:

2015 йилда БМТ Бош Ассамблеяси даражасида «Барча учун янада яхши ва барқарор келажакка эришиш режаси» сифатида Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ишлаб чиқилди. Ўзбекистон ушбу мақсадларга эришиш учун бешта асосий йўналиш бўйича миллий ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиққанидан жуда мамнунмиз. Ўзбекистонда амалга ошрилаётган барча ислоҳотлар 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш кун тартибига тўла мос келади.

Шарлотт Адриан, Европа ?ттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи:

- Бугунги конференция нафақат Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий натижалари билан танишиш, балки мамлакатни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш жараёнида ҳисобга олинадиган баҳо ва тавсияларини тақдим этиш имконини берувчи халқаро мулоқот майдончасига айланди.

Конференция доирасида Ҳаракатлар стратегияси маркази ижрочи директори Элдор Туляков янги авлод медиа маҳсулоти - Reforms.uz ягона электрон платформасини тақдим этди. У ислоҳотларнинг натижалари ҳақида оддий ва қулай шаклдаги батафсил маълумотларни ўз ичига олган. Платформани яратиш жараёнида Ҳаракатлар стратегияси маркази ва Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти мутахассислари кўплаб маълумотларни, жумладан, расмий рақамлар ва давлат органлари статистикаси, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг ҳисоботлари, хорижий экспертлар ва фуқаролик жамияти баҳоларини ўрганди. Ушбу платформа орқали мамлакатнинг исталган фуқароси ўзини қизиқтирган муайян мавзудаги ислоҳотлар натижалари билан танишиш имкониятига эга бўлади. Платформадаги барча рақамлар қиёсий, яъни 1991 йилдан 2016 йилгача ва 2017 йилдан 2021 йилга қадар бўлган шаклда тақдим этилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net