Гаага конференцияси Устави ратификация қилинади

27.02.2020 10:48

ТОШКЕНТ, 27 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди, деб деб хабар бермоқда «Дунё»АА мухбири.

Тадбирда Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида кўриб чиқиш назарда тутилган масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, Қўмита аъзолари томонидан «Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси Уставини (Гаага, 1951 йил 31 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси  Қонуни лойиҳасининг дастлабки муҳокамаси бўлиб ўтди.

Гаага конференцияси нуфузли халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланиб, асосий мақсади аъзо давлатларга халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини босқичма-босқич унификация қилишга кўмаклашишдан иборат. Ҳозирги кунда ташкилотга 82 та мамлакат аъзо.

Ўзбекистоннинг ушбу халқаро тузилма тўлақонли аъзосига айланиши истиқболда мамлакатимиз учун бир қатор имкониятларни тақдим этади. Хусусан, халқаро фуқаролик, оилавий ва хусусий ҳуқуқнинг унификацияси жараёнида мамлакатимизнинг иштирокини, замонавий стандартларни ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий соҳани янада ривожлантиришни ҳамда чет элда яшовчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлайди.

Шунингдек, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборотини ҳам дастлабки тарзда кўриб чиқди.

Қайд этилганидек, Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон миллий манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш ва хорижий мамлакатлар билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича тизимли ва комплекс ишлар амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси 2020 йил 28 февраль куни соат 10.00 да Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мажлислар залида очилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net