Фуқароларнинг Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш бўйича чора-тадбирларга ишонч даражаси аниқланди

01.05.2020 19:39

ТОШКЕНТ, 1 май. /«Дунё» АА/. «?жтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш ва пандемиянинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Шу йил 21-26 апрель кунлари ўтказилган ижтимоий сўровлар «Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш бўйича давлат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакат фуқаролари баҳосида» мавзусига бағишланди.

Унда 18 ва ундан юқори ёшдаги респондентлар фикрлари киритилган. Сўровда иштирок этганларнинг 54,4 фоизини эркаклар ва 45,6 фоизини хотин-қизлар ташкил қилди.

Мазкур тадқиқот натижасида тўпланган жавоблар телефон алоқаси ёрдамида марказ мутахассислари томонидан тузилган саволнома асосида йиғилди.

Жумладан, «Сиз мамлакатимизда ўз-ўзини “яккалаш” шароитида фуқароларга ёрдам бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлардан қай даражада қониқасиз?», деб берилган саволга Ўзбекистон фуқароларининг кўпчилиги ижобий, дея баҳо берган. Яъни, иштирокчиларнинг 78,4 фоизи Ўзбекистонда фуқароларга ёрдам бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлардан тўлиқ қониқаётганини маълум қилган, 12,8 фоизи эса «қисман қониқишларини» билдирган.

«Сиз нима деб ўйлайсиз, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини бартараф этиш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар етарлими?»

Ана шундай саволга 94 фоиз  фуқаролар давлат раҳбари етакчилигида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, мамлакатда мақбул санитар-эпидемиологик вазиятни ва аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида етарли даражада ва долзарб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, деб ҳисоблайди. 5,7 фоиз фуқаро фикрича, мамлакатда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишига йўл қўймаслик бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар «етарлича эмас».

Навбатдаги савол Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида мамлакат Президентининг ташаббуси билан қабул қилинган қарорларнинг нечоғлик долзарб экани ҳақида бўлди.

Ушбу мазмундаги саволга фуқароларнинг 93,9 фоизи Президентимизнинг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, мақбул санитар-эпидемиологик вазият ва аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирларни «мутлақо тўғри, айни вақтида ва мамлакатда вужудга келган эпидемиологик вазиятга мувофиқ, давлат, жамият ва ҳар бир фуқаро манфаатларига мос келади», деб жавоб берди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган қарорлар мамлакат аҳолиси томонидан юқори даражада қўллаб-қувватланаётгани ойдинлашди. Хусусан, Андижон, Наманган, Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятларида ушбу ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватловчилар мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори бўлди.

«Сиз Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятдан имкон қадар кам талафот билан олиб чиқишга қодир эканига ишонасизми?»

Мазкур савол орқали мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ишонч рейтинги аниқланди. Телефон сўрови натижаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқароларнинг юксак ҳурмати ва ишончига сазовор экани яна бир бор ўз исботини топди. Ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги – 91,9 фоизи Президент томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар мамлакатимизни дунёда коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазиятдан минимал инсоний ва иқтисодий талафот билан олиб чиқишига қатъий ишонишларини билдирди.

«Сиз мамлакатимизда коронавирус тарқалишининг яқин вақт ичида тўхташига қай даражада ишонасиз?» саволига 66,7 фоиз фуқаро яқин вақт ичида Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига чек қўйилишига ишонишини маълум қилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net