Франциянинг «SUEZ» компанияси Тошкент шаҳри сув таъминоти трансформациясини амалга оширишга ёрдам беради

16.06.2020 12:42

ТОШКЕНТ, 16 июнь. /«Дунё» АА/. Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан Франциянинг «SUEZ» компанияси ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири шаҳар ҳокимлиги манбасига асосланиб.

Шаҳар ҳокимлиги, «SUEZ»нинг Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Кавказ ҳудуди бўйича бош дирекцияси ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан имзоланган шартномага мувофиқ, «Тошкент сув таъминоти трансформациясининг режаси» номли 7 йиллик истиқболли ва инновацион лойиҳа амалга оширилади.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонқуловнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 185,4 миллион еврога тенг. Шундан 142 миллион евро Европанинг етакчи банклари кредитлари ҳисобидан ўзлаштирилади. Маблағлар шаҳар сув таъминоти, оқова тармоқларини модернизация қилиш ва тизим бошқарувини юқори халқаро стандартлар даражасида такомиллаштиришга йўналтирилади.

“SUEZ” экологик хизматлар борасида жаҳонда етакчи ташкилотлардан бири ҳисобланади. Компания дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатида фаолият олиб бормоқда. Лойиҳа доирасида “SUEZ”нинг 150 йиллик тажрибасига таянган ҳолда, интеллектуал бошқарув бўйича энг илғор технологиялар жорий қилинади, ноу-хаулар ҳаётга татбиқ этилади.

– Тошкент сув таъминоти трансформацияси лойиҳаси маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшади, – деди Бахтиёр Раҳмонқулов. – Ускуналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши натижасида Тошкентда янги иш ўринлари яратилади. Бундан ташқари сув таъминоти бўйича юзлаб маҳаллий мутахассислар шаҳримизда ва хорижда ўз малакаларини оширади. Ҳозирги кунда техник топшириқни техник-иқтисодий асослаш учун Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Тармоқ илмий-техник Кенгаши (Т?ТК)га тақдим этилган лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net