Франциянинг етакчи телеканалларидан бирида Ўзбекистон ҳақида фильм намойиш қилинди

05.05.2020 14:20

ПАР?Ж, 5 май. /«Дунё» АА/. Франциянинг етакчи «France 5» телеканали Францияда оммабоп бўлган “Echappées Belles” дастурида Ўзбекистон ҳақида янги фильмни намойиш қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу фильм намойиши Франция матбуотида кўплаб ижобий фикрлар билан қарши олинди. Дастурни рекорд даражадаги томошабин – 1,3 миллион киши томоша қилди ва бу дастур тарихидаги тўртинчи энг яхши кўрсаткичдир.

Фильм Франциянинг “BO Travail” кинокомпанияси томонидан мамлакатимизнинг Париждаги элчихонаси ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда суратга олинган. Тасвирга олиш ишлари Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Жиззах, Нукус ва Мўйноқ шаҳарларида бўлиб ўтди.

Сюжет аввалида таниқли француз журналисти Софи Жовиллар Шарқ ва Ғарбни боғловчи Буюк ипак йўли ҳақида гапириб, томошабинларга ушбу тарихий савдо йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ҳақида ҳикоя қилади. «Мамлакат ўзининг бой маданияти, бетакрор меъморчилиги ва анъанавий меҳмондўстлигини сақлаб қолган», дейди у.

Тошкент ҳақида эса “Шаҳар бутун тарихи давомида Буюк ипак йўлида асосий ўринни эгаллаган”, дейди муаллиф. У Буюк саркарда ва ўз даврининг давлат арбоби ҳисобланган Амир Темур шахсиятига алоҳида эътибор қаратади.

Франциялик мухбир «Чорсу» бозорига бориш вақтида Тошкент метроси гўзаллигига қойил қолади. Софи Жовиллар шарқона бозордаги савдо-сотиқ ва миллий таомларнинг ёқимли ҳиди билан ажралиб туришидан ҳайратга тушади. Қуритилган мевалар ва шарқона ширинликлардан татиб кўради, шунингдек, ўзбек матоси – «адрас» билан танишади.

Фильмда Самарқанд томошабинларга Регистон меъморий ансамбли, “Мерос” фабрикасида қадимги технологиялардан фойдаланган ҳолда машҳур Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш жараёни ҳақида ҳикоя қилиш орқали таништирилади.

Бухоро вилоятига бағишланган тасвирларда сопол буюмларни ишлаб чиқариш анъаналари акс этган. Шунингдек, фильмда «Сўзана» бадиий кашталари ва ҳунармандчиликнинг қадимий турларидан бири – темирчилик ҳақида алоҳида ҳикоя қилинади.

Журналист сўзларига кўра, Бухоро қадим замонларда «Савдо карвонлари воҳаси» ва «Тамаддун чорраҳаси» бўлган, шундай бўлиб қолмоқда. Фильмда Бухоронинг эски шаҳар қисмидаги улуғвор меъморчилик намуналари, уларнинг тарихий аҳамияти батафсил тасвирланган.

Француз мухбири Хивани «Очиқ осмон остидаги музей – Шарқ дурдонаси» деб атайди. Унинг фикрича, дунёда бундай ноёб шаҳарга ўхшаш бошқа кент йўқ.

«Хива қўғирчоқ ясаш санъати дунёнинг турли минтақаларидан келувчи сайёҳларни ўзига жалб қилади», дейди у. “Бугун ҳар бир Хива бозоридан миллий услубда тикилган қўғирчоқни сотиб олишингиз мумкин”.

Кўрсатувда дорбозлар, улар томошалари ва кўп асрлик анъаналари ҳам акс этган.

Ҳужжатли фильм муаллифлари Қорақалпоғистонда маҳаллий диққатга сазовор жойларни, шу қаторда, Савицкий номидаги давлат санъат музейини, қадимий, амалий ва замонавий санъатнинг бой тўпламлари туфайли дунёнинг турли бурчакларидан келган зиёратчилар манзилига айланган жойларни тасвирга олишади. Унда, шунингдек, маҳаллий аҳолининг ўзига хос маданияти, анъанавий ўтовлар ва туяда ташкил қилинадиган саёҳатлар ҳақида сўз юритилади.

Фильмда Орол денгизининг қуриши, минтақа флора ва фаунасини сақлаб қолиш бўйича мамлакатимиз томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида қайд этилади. Унда бир вақтлар порт шаҳар бўлган Мўйноқ, денгизнинг қуриган қисмида қолиб кетган кемалар бугун туристлар эътиборини тортаётгани келтирилади.

Ўзбекистон француз кинорежиссёрларида нафақат бой тарих ва маданиятга эга экани, балки ранг-баранг маданий уйғунлик, халқининг меҳмондўст ва бағрикенглиги билан ҳам унутилмас таассурот қолдиради.

Фильмни 10 май куни такрор намойиш этилади. Шунингдек, уни “France 5” онлайн платформасида ҳамда “Echappées Belles”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилиш режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net