Фидойи инсон меҳнати муносиб тақдирланди

31.07.2022 15:32

Турехан Наринбетовни нафақат Навоий вилоятида, балки республикамизда ҳам яхши танишади.

У 41 йиллик иш фаолиятида ёшлар тизимида ўзининг узоқ йиллик самарали меҳнати, ўзи ва шогирдларига нисбатан талабчан ва самимийлиги боис эл-юрт орасида ҳурмат қозониб, ўзига хос раҳбарлик мактабини яратган.

Т.Наринбетов фаолияти  давомида юзлаб шогирдлар етиштирди.

Мана ўн бир йилдирки, Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази Навоий вилоят бўлими раиси лавозимида фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда яшовчи турли миллат ва элатлар орасида тотувлик, бирдамлик ва дўстликни мустаҳкамлашда, миллатлараро алоқаларни ривожлантириш, ёшларни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик руҳида, комил инсон қилиб тарбиялашда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Унинг ташаббуси билан турли давра суҳбатлари, шоирлар мушоираси, халқаро оқинлар айтишуви, халқаро фестиваллар, спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.

– Бугунги кунда вилоятда 40 мингдан ортиқ қозоқ миллатига мансуб аҳоли вакиллари яшамоқда, – дейди Т.Наринбетов. – Улар учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилган. Жумладан, ҳозирда ҳудудимизда 58 та мактабда қозоқ тилида дарс ўтилади. Навоий давлат педагогика институтида қозоқ тили ва адабиёти йўналиши мавжуд. Уларда қозоқ миллати фарзандлари таълим-тарбия олмоқда.

Турехан Наринбетов юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга бефарқ эмас, уларнинг фаол иштирокчиси ва тарғиботчисидир. Унинг саъй-ҳаракати билан Нурота туманида жойлашган “Айтеке бий - Сейтқул авлиё” мақбараси қайта таъмирланди, Учқудуқ туманидаги қозоқ халқининг буюк жирови Балқи Базар мақбарасига бюст ўрнатилди, “Қанарбай ота” зиёратини ободонлаштиришда жонбозлик кўрсатди. 2021 йилда эса Учқудуқ, Томди ва Конимех туманларида Балқи Базар жирау таваллудининг 180 йиллиги кенг нишонланди.

Бугунги кунда вилоятда ўзбек ва қозоқ халқлари бир оила фарзандлари сингари тинч-тотув, иноқликда яшаб келмоқда. Таъбир жоиз бўлса, улар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, маданий алоқаларнинг ривожланишида у кишининг алоҳида ўрни бор.

Т.Наринбетов ёшларнинг билим олиши, уларнинг турли фан олимпиадаларида муносиб иштирок этишида ташаббус кўрсатиб келяпти.

– Ҳар йили устоз ташаббуси билан Томди туманида дўмбирачи ёшларни тарбиялаш мақсадида “?жодкор дўмбирачи ёшлар” фестивали ўтказилади, – дейди вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Марат Шамуратов. – 2020-2021 йилларда эса қозоқ тили ва адабиёти фанидан халқаро онлайн олимпиадага 300 нафардан ортиқ навоийлик болаларнинг қатнашишини таъминлади. 10 га яқин давлат вакиллари иштирок этган фан олипиадасида томдилик Арман Алимқулов Гран прини қўлга киритди. Бундан ташқари, 2020-2022 йилларда ўтказилган “Ўзбекистон – умумий уйимиз” дўстлик фестивалида қозоқ миллий маданий маркази вакиллари фаол иштирок этиб, миллий кўргазма, жировлик ва бахшичилик санъати, миллий ашула ва рақс ижроси бўйича муносиб тақдирланди.

Ўз меҳнати билан эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор қозонган юрдошларимиз ҳармиша давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. Жорий йил 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Президентимиз фармонига биноан Турехан Наринбетов “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Бу меҳнатлар ва фидойиликка берилган муносиб баҳодир.

Абдували Бўриев, ЎзА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net