Ёшлар ҳуқуқлари бўйича минтақавий декларациялардан глобал конвенцияга қадар

11.08.2020 11:06

ТОШКEНТ, 11 август. /«Дунё» АА/. Жорий йил 12 август куни “Ёшлар – 2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” Самарқанд онлайн форуми ўз ишини бошлайди. Унинг доирасида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасининг матни муҳокама қилинади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Форум замонавий воқеликдаги ёшлар муаммолари ва уларнинг ролини муҳокама қилиш учун ўзига хос майдон бўлибгина қолмай, балки БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилишда яна бир туртки бўлади.

?нсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизматининг хабар беришича, айни пайтда ушбу конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳа бўйича ишлар 2 йилдан ортиқ давом этди. Ушбу йўналишда тўпланган минтақавий ва хорижий мамлакатлар илғор тажрибалари ўрганилди. Вилоят ва миллий миқёсда қатор ишлар амалга оширилди.

Ҳозирги вақтда конвенция лойиҳаси Преамбула ва 26 та моддадан иборат. Конвенция муқаддимасида қайд этилишича, барча мамлакатларда ёшлар ривожланиш учун зарур бўлган асосий инсон ресурсларидан бири, шунингдек, ижтимоий трансформация, иқтисодий ривожланиш ва технологик тараққиётда муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга, ёшлар глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши шароитида жамиятдаги муҳим ўзгаришларнинг манфаатдорлари, фойдаланувчилари ва қурбонлари экани таъкидланган. Бу эса ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциянинг қабул қилинишининг долзарблигини белгилаб беради.

Конвенцияни ишлаб чиқишдаги энг қийин масалалардан бири - бу ёшлар мезонлари масаласи бўлди. Конвенция лойиҳасида ёшлар, деб аҳолининг махсус демографик гуруҳини ташкил этувчи ўн саккиздан ўттиз ёшгача бўлган шахслар ҳисобга олинишини таклиф қилинади.

Шуни таъкидлаш жоиз, конвенция лойиҳаси ёшларнинг демократик жараёнларда фаол иштирок этишлари ва уларнинг демократик тузилмаларда кенг вакиллари зарурлигини мустаҳкамлайди. Конвенция лойиҳаси ёшларнинг оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ғамхўрлик қилиш, ҳуқуқий шахс ва қонун олдида тенглик, миллий ва халқаро миқёсда қарорлар қабул қилишда иштирок этиш, зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоя қилиш каби ҳуқуқларини таъминлайди.

Лойиҳада бошқа фундаментал шартномалар сингари БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича навбатдаги шартномавий органи – Ёшлар ҳуқуқлари бўйича қўмитани ташкил этиш кўзда тутилган.

Ёшлар тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплаш ва фуқаролик жамиятининг ёшлар ҳуқуқларини таъминлашдаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу инсон ҳуқуқлари соҳасида сўнгги тенденцияларни акс эттиради ва самарали мониторинг учун муҳим шартдир.

Форум доирасида тадбир иштирокчилари конвенция лойиҳаси матни билан танишиш, муҳокамаларда қатнашиш, ҳужжатни янада такомиллаштириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net