Японияда Тошкент шаҳрининг тарғиботи ўтказилди

14.08.2020 16:55

ТОШКЕНТ, 14 август. /«Дунё» АА/. Шу кунларда Японияда мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрининг сайёҳлик салоҳияти фаол тарғиб қилинмоқда, деб хабар беряпти «Дунё» АА мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси манбасига асосланиб.

Пандемия шароитига қарамай, маданияти ва тараққиёти юксак бўлган давлатлардан бири – Япониянинг Тошкент шаҳрига қизиқиши ортиб бормоқда. Япониянинг Нагоя шаҳрида Ўзбекистон пойтахти билан яқиндан таништириш ва Тошкент шаҳрига япониялик туристларни жалб қилиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шундай тадбирлардан бири эрталабки радиоэфир вақтида амалга оширилди. Ушбу эфирда радиотингловчиларга Тошкент ҳақида батафсил сўзлаб берилди ва сайёҳлар учун фойдали маълумотлар тақдим этилди. Бундан ташқари, Нагоя кўчаларида Тошкент шаҳри тасвирланган афишалар жойлаштирилди. Жамоат транспортлари ҳам бу борада четда қолмади. Шаҳар бўйлаб аҳолига хизмат кўрсатадиган барча автобусларда Тошкентнинг тарихи ва пойтахтимизнинг замонавий ривожланиши акс эттирилган материаллар жойлаштирилди.

Бундан ташари, Японияда Тошкент шаҳрини туристик маҳсулот сифатида ривожлантириш мақсадида пойтахтимиз акс эттирилган маркалар чиқариш ҳам йўлга қўйилди. 

Ушбу лойиҳа пандемиядан кейин  дунё сайёҳларининг Тошкентга бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилади. Бугунги кунда эса шу каби чора-тадбирлар келажакда туристлар янги саёҳатларини тўғри режалаштиришларига ва Тошкент ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишларига ёрдам беради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net