Япония сув агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади

27.04.2022 11:25

ТОК?О, 27 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаров Японияда бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани сув форумининг тўртинчи саммити доирасида Кумамото шаҳрида Япония сув агентлиги президенти Кенжи Канао билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида сув хўжалиги иншоотларини бошқариш ва техник назорат қилиш бўйича икки давлат тажрибаси юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Учрашув доирасида Япония сув агентлиги тақдимоти намойиш этилди.

Ушбу агентлик мамлакатда сув таъминоти бўйича давлат сиёсатини амалга оширувчи ташкилот ҳисобланади. Мазкур ташкилот Япониянинг 52 фоиз аҳолисини сув билан таъминлайдиган 7 йирик сув ҳавзалари тизимининг (Чикуго, Ёшино, Ёдо, Кисо, Тойо ва Тоне&Ара) бошқаруви ва техник назоратини, шунингдек, ҳавзаларда жойлашган гидроиншоотларнинг қурилиши, бошқаруви ва реконструкциясини амалга оширади.

Кенжи Канаонинг маълум қилишича, агентлик асосан ҳукумат томонидан белгиланган дастурлардаги чора-тадбирлар ва буюртмаларни амалга оширади. Агентлик фаолияти давлат томонидан молиялаштирилади. Шу боис хорижий мамлакатлар билан қўшма лойиҳалар асосан JICA ёки бошқа халқаро молия ташкилотлари воситачилигида бажарилади.

Бугунги кунга қадар агентлик томонидан 21 мамлакатда 35 га яқин лойиҳа амалга оширилган. Жумладан, Ўзбекистонда Осиё тараққиёт банкининг “Сув хавфсизлигини таъминлашга инвестициялар жалб қилиш” ва Япония халқаро ҳамкорлик банкининг (JBIC) “Сув ҳавзаларини бошқариш режаси” бўйича тадқиқотларни амалга ошириш йўналишларида лойиҳалар амалга оширилган.

Мулоқот чоғида гидротехника иншоотларини бошқариш бўйича Япония сув агентлигининг илғор тажрибасини ўрганиш, жумладан, юртимиздаги соҳа мутахассисларининг тажрибасини ошириш, сув омборларида лойқаланишнинг олдини олиш ва тозалаш, шунингдек, сув хўжалиги бўйича  Япониянинг илғор технологияларини жалб қилиш йўналишларида ҳамкорликдан манфаатдорлик билдирилгани баробарида агентлик раҳбари жорий йили Нукус шаҳрида бўлиб ўтадиган “Яшил энергетика” бўйича юқори даражадаги халқаро форумга таклиф этилди.

Учрашув якунида қисқа фурсатларда онлайн мулоқот ташкил қилган ҳолда ўзаро ҳамкорликнинг йўналишларини аниқ белгилаб олишга келишилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net