Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз

06.08.2022 12:20

Жонфидолик азалий орзулар пойдеворини мустаҳкамлайди

Ўтаётган ҳафта юртимиз ҳаётидаги бошқа жабҳалар қатори спорт ҳаракатида ҳам ёрқин из қолдирмоқда.

Мамлакатимизнинг 180 нафарга яқин ўсмирлари Владивостокдаги “Осиё болалари” ўйинларида, “ақл гимнастикачи”ларимиз Ҳиндистонда кечаётган 44-шахмат олимпиадасида, дзюдочиларимиз Қозоғистондаги қитъа чемпионатида, таэквондочиларимиз Болгарияда ташкил этилаётган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида, матонат соҳиблари Канадада пара каноэдан бўлаётган дунё биринчилигида ва яна от спорти, профессионал бокс каби спорт турларидаги вакилларимиз АҚШ, Россия, Туркия каби давлатлардаги мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда, ўқув-машғулот йиғинларида қатнашмоқда.

Бундан 7-8 йил аввал шундай ҳолат кузатилармиди? Шунчалик катта миқёсдаги мусобақалар майдонини спортчиларимиз қамраб ола билармиди? Ғолиблик шоҳсупасига бу қадар кўп спортчимиз кўтарилармиди? Давлат томонидан тизимли тарзда рағбат олармиди?

Ўтаётган ҳафтадаги халқаро нуфузли мусобақаларда Ўзбекистон спортчилари 100 тага яқин олтин-кумуш-бронза медалларига мушарраф бўлишди.

Бундай мавқега қайси омиллар, қай бир саъй-ҳаракатлар эвазига эришмоқдамиз? Ҳамма билади. Барча кўриб турибди. Бу – давлатимиз раҳбарининг талабчанлиги, ҳар бир жабҳага алоҳида, тизимли ёндашиши, доимий эътибори маҳсули. Қолаверса, мураббий-мутахассисларнинг тинимсиз изланиши, спортчиларимизнинг ғалабага бўлган иродаси мужассам.

Бу – Янги Ўзбекистонни янги ютуқлар, янги марралар сари чорлаш, Учинчи Ренессанс пойдеворининг яратилишига муносиб замин ҳозирлаш умидида ёниб-кўяётган, жонфидолик қилаётган катта қалбнинг депсиниши.

Узоқ Шарқдаги Владивостокда 180 нафарга яқин ўсмир спортчиларимиз “Осиё болалари” ўйинларида 81 та медаллар жамланмаси билан Янги Ўзбекистон ёшларининг янги имкониятларини кўрсатаётган бўлса, Ҳиндистонда “ақл жанги” бўйича ўтаётган олимпиадада шахматчиларимиз дунё “вундеркинд”ларига 64 катакдаги курашларда қайсидир маънода сабоқ бермоқда.

Қозоғистонда дзюдо бўйича ташкил этилаётган қитъа чемпионатида Диёра Келдиёрованинг олимпия ва жаҳон чемпионларини енгиб олтинли бўлиши, Болгариянинг София шаҳрида ўсмир таэквондочиларимизнинг жаҳон чемпионатида совриндорлар сафидан жой олишаётгани, матонатли каноэчиларимиз Канада ҳавзаларида кечаётган жаҳон чемпионати баҳсларида ўзгача шижоат ва шавқ билан чемпионлик сари одимлаётгани юртимиз спортининг янги уфқларини очмоқда.

Бу ғалабалар, бу муваффақиятларнинг туб негизида барчамиз учун энг азиз, энг улуғ неъмат – Ватанимиз Мустақиллиги мужассам.

Агарки, ҳурлик бўлмаганда бугунги ютуқлар, жаҳон майдонида мустақил мамлакат номидан шохсупага кўтарилишлар, фахру ифтихорга тўлишлар бўлармиди?!

Шу эл, шу Ватан номидан майдонга чиқиб, ғолибликка эришган спортчининг қувонч ёшлари юзини ювармиди?!

Шогирдининг ютуғидан сармаст мураббийнинг Ўзбекист-о-о-н, дея ҳайқириши, бу муваффақият хушхабаридан ҳуррамлик туйган ота-оналар, яқинлар, маҳалла аҳли юрт озодлигидан шукроналик ҳиссини туярмиди?!

Ўзликнинг, ота-боболардан мерос қадриятлар, миллий ғурур, Жалолиддину Темурлар, туғилган гўшасини соғиниб армонда ўтган улуғ боболаримиз орзулари рўёби эмасми бу ҳис?

Мустақиллик пойдеворини мустаҳкамлаш, янги марраларни забт этиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар эришаётган ютуқ ва марраларимизнинг асосий манбаи ҳисобланади.

Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорда айтилганидек, халқимизнинг жасорати туфайли қўлга киритилган мустақиллик миллий давлатчилик тарихида ҳеч қачон унутилмайдиган, таъбир жоиз бўлса, халқаро спорт мусобақаларида Ўзбекистон шаъни учун курашаётган спортчиларимизнинг юрак-юракларидаги азалий орзулар ёғдусидир.

Ютуқлар ўзимизники. Улар тўғрисида турли қарашларда турфа фикрлар айтиш мумкин. Аммо, бошқа тузилмалар қаторида мамлакатимиз жисмоний тарбия ва спортида ечимини кутаётган муаммолар, соҳа ривожига тўғаноқ бўлаётган муаммолар ҳам йўқ эмас.

Куни кеча, 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтган видеоселектор йиғилишида айтилган масалалар жисмоний тарбия ва спорт тизимига ҳам бевосита дахлдордир.

Ўтган давр мобайнида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган соҳага тааллуқли ҳамда бир нечта спорт турларини ривожлантириш, спорт таълим тизимини ислоҳ қилиш борасидаги қатор қарорларнинг айрим бандлари белгиланган муддатларда ижроси таъминланмаётганлиги, баъзи бўғинларда кадрлар захирасининг тўлиқ шаклланмаганлиги тизим фаолиятини янада чуқур таҳлил этган ҳолда ривожлантириш зарурлигини англатади.

Хусусан, яқинда жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамалар майдонига айланган айрим спорт турларидаги ўзибўларчиликлар, баъзи таълим муассасаларидаги камчиликлар спорт тизимидаги бошқарувда шаффофликни таъминлашда ислоҳотлар изчиллик касб этишини тақозо этмоқда.

Тўғри, спортчиларимизнинг халқаро мусобақалардаги сермаҳсул иштироки, ички мусобақаларни халқаро талаблар асосида янгича форматда ўтказилиши, селекция ишларини янги босқичга олиб чиқиш борасида сезиларли ишлар қилинаётганлиги эътиборли.

Бироқ, бу “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” тамойили асосида амалга оширилажак ишлар кўлами спорт соҳасида тўла-тўкис бажарилмоқда, дегани эмас, албатта.

Тўлқин РЎЗ?ЕВ, ЎзА 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net